ТОШКЕНТ, 16 мар - Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон Мудофаа вазирликлари ўртасида ўзбек-тожик ҳамкорлигидаги антитеррор махсус-тактик ўқув машғулоти юқори даражада ўтказилиб, ўз ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Тактик ўқувларда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус операция кучлари вакиллари ва Тожикистон Мудофаа вазирлигининг турли бўлинмаларидан иборат бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар иштирок этган.
Ҳамкорликдаги ўқув жараёнини Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо ҳамда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар кузатиб борган.
Режага кўра, чегарани бузиб ўтган ноқонуний қуролланган тузилмалар ҳужумини қайтариш мақсадида аввал ўзбекистонлик ҳарбийлар томонидан ҳаво разведкаси ўтказилгани, шундан сўнг аниқланган шартли душманнинг ҳаракатланаётган нуқтасига қарата авиация зарбалари берилган. Чегарага уюштирилган мазкур ҳужумни қайтаришда Тожикистон Ҳаво хужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Давлат миллий хавфсизлик комитети Чегара қўшинлари иштирок этган.
Шартли душман томонидан эгаллаб олинган бинони қуршаб олиш, чегарани бузиб ўтган газандаларни яксон этиш ва асирларни қутқариш амалиёти кейинги эпизодларда кўриб чиқилди. Бунда юқори қўмондонлик томонидан берилган маълумотга кўра, ноқонуний қуролланган террорчилар бино ичида асирларни гаровга олиб, ўз шартлари ижросини талаб этмоқда. Вакилларимиздан иборат тактик ҳаво десантчилари гуруҳи Ми-8 вертолётидан арқон ёрдамида тушиб, бинонинг юқори қисмидан кейинги 3 та ишғол қилиш гуруҳларини ўт очган ҳолда қўллаб-қувватлаб турди. Ишғол қилиш гуруҳлари бино ичидаги ноқонуний қуролланган террорчиларни йўқ қилиб, асирларни озод этди.
Мудофаа қудратини менсимаган шартли душман кўрган талафоти сабаб ортга чекина бошлади. Тактик режага кўра, бунда Ватан ҳимоячилари томонидан ноқонуний қуролланган тузилмаларни таъқиб қилиш амалиёти ўтказилади. Мазкур эпизод ҳам ҳамкорликдаги гуруҳлар томонидан ўта муваффақиятли тарзда бажарилди.
Ўқув машғулоти давомида шунингдек, шартли аэропортда ноқонуний қуролланган тузилмани қуршаб олиш ва йўқ қилиш, самолётдаги асирларни озод этиш вазифалари ҳам бажарилди.
Ўқув якуни муносабати билан саф тортган икки давлат ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазирлари томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ҳар икки давлат мудофаа вазирлари мазкур ўқув машғулотлари мамлакатлар армияларининг жанговар қудратини оширишини айтиб ўтди.