ТОШКЕНТ, 16 мар - Sputnik, Елизавета Исакова. Яқин келажакда Европада янги коронавирусдан ўлим ҳоллари кўпаяди, чунки кўпгина давлатлар эпидемиянинг бошланғич босқичида, деди РИА Новостига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий вакили Тарик Язаревич.
"Италияда эпидемия Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда узоқроқ давом этди, шунинг учун кўп касалланганлар даволаниб кетади ёки вафот этади. Эпидемиянинг бошланғич босқичида бўлган бошқа Европа мамлакатларида ўлим яқин кунлар ва ҳафталарда бошланиши мумкин", - деди у.
Язаревичнинг сўзларига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари Италияда инфекциянинг қачон авжга чиқишини олдиндан айтиб бера олишмаяпти, аммо вафот этганларнинг кўпи 2-3 ҳафта олдин касал бўлиб қолишган.
"Касалланишнинг кунига уч юзтагача кескин кўтарилиши ҳолати Италиянинг алоқаларни кузатиш ва уларни изоляция қилиш имкониятини чеклаб қўйди. Катта муаммо шимолий Италиядаги бир қатор ҳолатлар аниқ эпидемиологик алоқага эга эмаслиги бўлди. COVID-19дан вафот этганлар ўртача ҳисобда 2-3 ҳафта олдин юқтирган", - деди у.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 11 март куни янги COVID-19 коронавирусининг тарқалишини пандемия деб эълон қилди. Дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатларида 153 мингдан ортиқ одам юқумли касалликка чалинган, уларнинг аксарияти тузалиб кетди, 5,7 минг киши вафот этди.