ТОШКЕНТ, 15 мар - РИА Новости. Карантин вақтида уйда ўтириб ёки уйдан ишлаб ортиқча вазн орттириш мумкин.
Буни олдини олиш мумкинми? Sputnik радиоси эфирида тиббиёт фанлари номзоди, шифокор-диетолог Иван Алименко шу ҳақда гапирди.
"Ортиқча вазнни орттириб олиб, кейинчалик ундан халос бўлишдан кўра, уни йиғмаслик осонроқ. Уйда ўтириб семирмасликнинг иложи борми? Бундай ҳолларда иштаҳангизни қитиқлайдиган маҳсулотларга музлаткични тўлдирмаслик маъқул, бундан ташқари, тез-тез амалга ошириладиган енгил тамаддилардан кўра, ўз вақтида овқатланган ҳам маъқул", - деди Sputnik радиосига берган интервьюсида шифокор-диетолог Иван Алименко.
"Агар сиз карантинда бўлмасангиз, яхшиси дўконга тез-тез борган ва чекланган миқдорда маҳсулотлар харид қилган маъқул. Айниқса, гап севимли маҳсулотлар ҳақида борса. Уйда иштаҳани қитиқловчи озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ сақлайдиган одамларнинг вазни бундай маҳсулотларни сақламайдиганларга нисбатан тўққиз кило оғир бўлади. Ёки бир марталик тановвулга етгулик маҳсулотларни олинг", - деб маслаҳат беради Иван Алименко.
Шифокор тавсиясига кўра, озиқланиш кундалигини тутиш ва калорияларни ҳисоблаб бориш ортиқча вазн орттиришдан сақлайди.
"Агар уйда қолаётган бўлсангиз, суткасига икки минг калориядан ошмаслиги керак. Озиқланиш кундалигини ҳар уч соатда тўлдириб боринг, бу кўпам оч қолмаслик ва қанча калорияни истеъмол қилаётганингизни кўриш учун муҳим", – деб ҳисоблайди Иван Алименко.
"Ёнғоқлар, олмалар, мевалар - бу ортиқча вазн олиш сабабларидан бири, улар калорияли бўлиб, узоқ вақтга тўйганлик ҳиссини беролмайди. Шу боис, бундай "контрабандани" кўздан узоқ тутган маъқул. Агар етарлича суюқлик ичмасак, кўп овқат еймиз. Шу боис, агар ширинлик хуш кўрадиганлар хилидан бўлсангиз, тушлик ва кечки овқат оралиғида ёғсиз сутли қаҳва ичган маъқул. Бу сингари ичимлик суюқлик захирасини тўлдиради ва кўпам калория келтирмайди. Бундан ташқари, телевизорни овозини баланд қилиб турли машқлар бажариш ҳам фойдали, бунда айниқса, кайфият нормаллашади", - деди Алименко.