ТОШКЕНТ, 14 мар - Sputnik. "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Қонунга мувофиқ, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда мазкур Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.
Қонун билан президент ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгиланди.
Жумладан, Комиссия Ўзбекистон фуқаролиги масалаларига оид илтимосномаларни кўриб чиқади, Президентга ушбу масалалар юзасидан таклифлар киритади.
Қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик шакллантирилади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Қонуннинг айрим моддалари ва бандлари 2020 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилади.