ТОШКЕНТ, 13 мар - Sputnik. Таиланднинг Муанг Лопбури туманида юзлаб оч маймунлар бир-бири билан жанг қилиб, маҳаллий аҳолини шок ҳолатга солди.
Юз берган воқеа видеосини Facebookда Сасалук Раттаначай никли фойдаланувчи жойлаган. Кадрларда оч маймунлар галаси шаҳар кўчаларини тўлдириб ташлагани акс этган.
Маҳаллий яшовчилар сўзларига кўра, видеода иккита рақиб гуруҳдан иборат маймунлар жанги тасвирланган.
"Одатда, ҳеч бир гуруҳ ўзга ҳудудга кўз тикмайди, аммо егулик етишмовчилиги маймунларни ушбу қоидани бузишга мажбур этди", - дея тушунтиради маҳаллий аҳолидан бири.
The Bangkok Post нашри хабар беришича, ҳодиса 11 март куни юз берган. Таъкидланишича, коронавирус пандемияси мамлакатда туристлар оқимини қисқартирди ва оч жониворлар егулик истагида қишлоқларга тушиб келишга мажбур бўлмоқда.