ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Бош прокуратурада Ниғматилла Йўлдошевнинг Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин билан учрашуви бўлиб ўтди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув иштирокчилари Ўзбекистон Бош прокуратураси билан Россия Тергов қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик профессионал алоқаларни йўлга қўйиш ва шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш орқали изчиллик билан ривожланаётганлигини таъкидлашди.
Тарафлар ўзаро манфаатли бўлган кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар ва идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашдилар.
“Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Битим ҳамда 2020-2021 йилларга мўлжалланган идоралараро ҳамкорлик Дастури имзоланди”, - дейилган хабарда.
Маълум қилинишича, ушбу ҳужжатларнинг амалда татбиқ этилиши ҳуқуқий соҳада ахборот ва илғор тажриба алмашиш орқали икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Шунингдек, Россия делегациясининг ташрифи шаклланган сермаҳсул алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам эканлиги қайд этилди.