ТОШКЕНТ. 11 мар – Sputnik. Андижон Травматология бўлими қабулхонасида 29 феврал куни шифокорларга пичоқ билан ҳамла қилиш ҳолати юз бергани ҳақида хабар қилган эдик. Бугун ССВ ушбу ҳодисанинг тафсилотларини маълум қилди.
29 февраль куни соат 22:31да Андижон шаҳридаги Травматология бўлими қабулхонасига 19 ёшли аёл бемор юз-кўзидан жароҳат олиб мурожаат қилган. Бемор шифокорлар кўригидан ўтаётганда турмуш ўртоғи томонидан калтакланганини айтган.
Ўрнатилган тартибга кўра, ўзгалар томонидан жароҳат олган ҳолат мавжуд бўлса, тиббиёт ходими ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тезкор хабар бериши шарт. Акс ҳолда жиноят яширганлик ҳолати билан жавобгарлик тортилиши мумкин. Шунга мувофиқ, шифокор Т. У. зудлик билан мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар бўлимига хабар беради.
Хабар берилганлигидан норози бўлган бемор аёлнинг эгизак укаси бунга эътироз билдиради. Шифокор унга ўртанилган тартибни тушунтиргандан сўнг, беморнинг укаси шифокорни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, пичоқ билан шифокорга таҳдид қилади.
Атрофидаги одамлар Х.ни агрессив ҳолатдан қайтаришга уринишади. Аммо у ҳаракатларини давом эттириб, пичоқни шифокор томонга отиб юборади. Бироқ ушбу пичоқ атрофдаги бошқа шахсга тегади. Бемор яқинлари ва атрофдаги бошқа шахслар томонидан Х мажбуран тинчлантирилиб, қабулхонадан олиб чиқиб кетилади.
Эри томонидан калтакланган аёл М.Ф. эса “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, Жағ суяклари синиши, ёноқ, бош, юз, қорин, оёқ ва қўллар юмшоқ тўқималари жароҳати” ташхиси билан мазкур филиалнинг Нейрохирургия бўлимида жорий йил 4 март кунига қадар даво муолажаларини олади.
Айни дамда камераларга суратга олинган ушбу ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, ўрнатилган тартибди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни сақлаш органлари ушбу тажовузга ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний чора кўрилиши кутилмоқда.