ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон президенти қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, “Навоий КМК” давлат корхонаси номланиши табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси – “Навоийуран” давлат корхонасига ўзгартирилди.
Шунингдек, “Навоий КМК” ДК мол-мулкининг қисми негизида:
- қимматбаҳо металларни қазиб олувчи ва ишлаб чиқарувчи, АЖ кўринишидаги “Навоий КМК” АЖ ишлаб чиқариш корхонаси;
- “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси таъсис этилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги “НКМК жамғармаси” ДМ ва “Навоийуран” ДКнинг таъсисчиси ҳисобланади.
Молия вазирлиги “НКМК” АЖ устав капиталидаги давлат улушининг акциядори (таъсисчиси) функциясини бажаради.
Бунда, ўтказилган ишчи ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги шартлари, шу жумладан белгиланган тариф разрядлари ва ставкалари, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, моддий ёрдам ҳамда қонун билан белгиланган район коэффициентлари сақлаб қолинади.
Шунингдек, 5 йил давомида “НКМК жамғармаси” ДМ ихтиёрига берилаётган “Навоий КМК” ДК ишчи ходимлари сонини қисқартириш ва ижтимоий инфратузилма объектларининг фаолият турини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Қарор билан “Навоий КМК” ДК ишчи ходимларининг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси масалаларини комплекс ҳал қилиш бўйича комиссия ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Навоий кон-металлургия комбинатини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган эди. Унда корхона замонавий компанияга айлантирилиши маълум қилинган эди.