ТОШКЕНТ, 4 мар – Sputnik. Тошкент аэропортида божхоначилар қалбаки 60 минг АҚШ долларини фош этишди, деб хабар қилди божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Тошкент халқаро аэропортига хориждан учиб келган ва яшил йўлак орқали ҳаракатланган фуқаро М.А.нинг безовталаниши божхоначилар эътиборини тортди ҳамда ушбу шахснинг юклари божхона кўригидан ўтказилди.
Шундан сўнг, унга тегишли сумка назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганида, сумка ичидаги картон қоғозларнинг экрандаги тасвири шубҳали тус олди. Картон қоғозлар очиб кўрилганда, уларнинг ичига 60 минг доллар яшириб жойлаштирилганлиги аниқланди.
Йўловчи декларацияда ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, божхона назоратидан яширинча олиб ўтишда тўхтатиб қолинган.
“Бир қарашда ҳақиқийдек туюлган купюраларнинг барчаси қалбаки бўлиб, буни қалбаки купюраларни аниқлашга ихтисослашган валюта детектори ҳам тасдиқлади. Энг қизиғи шундаки, купюраларнинг серия рақамлари бир хил бўлиб, уларнинг барчаси қалбаки эканлиги фош бўлди,” – дейилган хабарда.
Сохта долларлар ашёвий далил сифатида олиниб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 176-моддасига биноан қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.