ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошланғич синфлар учун ўқув соати 10,5 соатга қисқартирилади. Бу Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режаси билан тасдиқланган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон бош давлат санитария шифокори томонидан 2018 йил 27 апрелда тасдиқланган Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида 1-4-синф ўқувчиларининг ҳафталик ўқув соати жами 88 соат этиб белгиланган. Амалда бу соат 98,5 соатни ташкил этиб, белгиланган меъёрдан 10,5 соат ошиб кетган. Шу сабабли, бошланғич синфларнинг ўқув соати Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлаштирилди.
“Эндиликда асосий эътибор фанларга ажратилган соатларга эмас, балки улардан самарали фойдаланган ҳолда сифатли таълим беришга қаратилади”, - дейилган хабарда.
Қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1. “Тарбия” фани
“Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” фанларини бирлаштирилиб, ягона “Тарбия” фани жорий қилинди. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 1-11-синфларида “Тарбия” фанига 1 соатдан ажратилмоқда.
2. “Она тили ва адабиёти” фани
Ўзбекистон умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёт фанининг ўқув дастурлари хорижий тажрибалар асосида ўқувчиларда тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзиш ва оғзаки нутқ кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга йўналтирилган ҳолда такомиллаштирилди. 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада она тили ва адабиёт фанини ҳафтада 57 соат, йиллик жами 1938 соат ўқитилиши белгиланган.
Хусусан, 5-синфда она тили ва адабиёти фанидан 30 та мавзу, 6-синфдан 17 та мавзу чиқариб ташланди. Шунингдек, 5-синфдаги 40 та мавзу, 6-синфда 23 та мавзу юқори синфларга ўтказилди.
3. “Математика” фани
10-синфда “Алгебра” фанига ҳафтасига 1 соат қўшиб берилди ва ушбу фаннинг ҳафталик ўқув соати миқдори 3 соатга келтирилди.
4. “Информатика ва ахборот технологиялари” фани
5-6-синфларда “Информатика ва ахборот технологиялари” фанига ҳафтасига 0,5 соатдан қўшиб берилди ва уларнинг ҳафталик ўқув соатлари миқдори 1 соатга келтирилди.
5. “Кимё” ва “Биология” фанлари
Ўқувчиларга STEAM таълими йўналишидаги фанларни чуқурроқ ўргатиш мақсадида 10-11-синфларда “Кимё” ва “Биология” фанларига 1 соатдан қўшиб берилди ва уларнинг ҳафталик ўқув соатлари миқдори 3 соатга келтирилди.
6. “География ва иқтисодиёт” фани
Ўзбекистон Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг 8-бандида “Бир-бири билан узвий боғлиқ бўлмаган фанлар асосида тузилган ўқув дастуридан босқичма-босқич воз кечиш ва ўқув фанлари сонини оптималлаштириш” вазифаси белгиланган.
Шу муносабат билан, “География”, “Иқтисодий билим асослари”, “Тадбиркорлик асослари” фанларини бирлаштирган ҳолда, ягона “География ва иқтисодиёт” фани киритилди. Таъкидланишича, бу орқали ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва Халқаро баҳолаш дастурлари бўйича халқаро тадқиқотларда Ўзбекистоннинг муваффақиятли иштирок этишига тайёргарлик кўриш мақсад қилинган.
7. “Жисмоний тарбия” фани
1-4-синфларда “Жисмоний тарбия” фанининг ҳафталик ўқув юкламаси 1 соатдан белгиланди.
8. “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фани
“Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фани ўқитувчиси “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчиси билан ҳамкорликда ўқувчилар ўртасида турли спорт мусобақаларини ўтказади. Шу сабабли, 10-11-синфларда “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фанининг ҳафталик ўқув юкламаси 1 соатдан белгиланди.