ТОШКЕНТ, 3 мар – Sputnik. Татаристоннинг "Бегишево" халқаро аэропорти ва "Nordwind Airlines" авиакомпанияси 16 мартдан бошлаб Тошкентга янги рейсни очишади, деб хабар беради Татаристон транспорт ва йўллар бошқармаси матбуот хизмати.
"Парвозлар душанба кунлари Boeing 737-800 самолётларида амалга оширилади. “Бегишево”дан учиб чиқиш вақти соат 11:55, Тошкентдан соат 18:10 да амалга оширилади. Ҳар бир аэропорт учун маҳаллий вақт кўрсатилган", - дейилади хабарда.
Учиш умумий вақти 2 соат 55 дақиқа. Чипталарнинг минимал нархи барча солиқ ва тўловларни ҳисобга олган ҳолда 7652 рублни (тахминан 114 $) ташкил этади.
Nordwind Airlines авиакомпаниясининг маршрут тармоғида Тошкент Москва, Симферопол, Анталия ва Монастирдан кейин “Бегишево” аэропортидан бешинчи йўналиш бўлади.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойи охирида Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Қозон шаҳрида Татаристон президенти Рустам Минниханов билан учрашган эди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Татаристон ва Бухоро вилояти корхоналари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, товарлар ва хизматларни ўзаро етказиб бериш ҳажми ва номенклатурасини кўпайтириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.