ТОШКЕНТ, 2 мар – Sputnik. Тошкент вилояти божхоначилари чегара орқали “Оқпанжа гиббон” ва олти бош “Явана маккакаси” зотига мансуб маймунларни ноқонуний олиб ўтиш ҳолатини аниқладилар, деб хабар қилди божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ойбек” чегара божхона пости орқали қўшни мамлакатга ўзининг “Лексус RX 330” автоуловида чиқиб кетаётган фуқаро Бобожоновнинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу фуқаро ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, автомашинасида балиқ озуқаларини олиб ўтаётганлигини маълум қилган фуқаро, аслида умумий қиймати 100 миллион сўмлик бир бош “Оқпанжа гиббон” ва олти бош “Явана макакаси” туридаги маймунларни олиб чиқиб кетаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда Тошкент ҳайвонот боғига топширилган маймунларнинг соғлиги ветеринар-шифокорлар назоратида бўлиб, юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
"Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги 408-сонли Қонуни талабларига мувофиқ, ҳайвонот дунёси объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш белгиланган тартибда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади", - дейилган хабарда.