ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. Машҳур актёр ва режиссёр Жеки Чан коронавирус билан касалланганлиги ва у карантинга ётқизилгани ҳақидаги маълумот фейк бўлиб чиқди.
Куни кеча қатор хорижий ОАВлар гуёки Голливуд актёри Жеки Чан шахсий базмлардан бирида иштирок этганидан кейин шифохонага ётқизилгани тўғрисида хабар қилишди. Кейинчалик, бу тадбир меҳмонларидан бири, 48 ёшли полиция зобитига COVID-19 вируси ташхиси қўйилди. Полициячи билан эҳтимол мулоқот қилган 59 киши карантинга жўнатилди, деб ёзилган хабарда.
Бу ҳақда хорижий нашрлар Sputnik Испания'га асосланиб ёзишди. Бироқ, бу агентликнинг хабарида ёзилишича, Жеки Чан касаллангани ҳақида маълумот ҳақиқат эмас.
"Кулгили томони шундаки, актёр бу кечада, 48 ёшли полициячида коронавирус аниқланган жойда ҳам бўлмаган. Ижтимоий тармоқларда меҳмонлардан бири Чан улар билан бирга бўлганлиги айтилган видео фейк бўлиб чиқди. Аслида актёр бошқа тадбирда бўлган”, - дейилган Sputnik Испания мақоласида.
8Days янгиликлар порталининг журналистлари суриштирув ўтказиб, актёр ва бемор полициячи ҳар хил тадбирда бўлишгани аниқлашди. Полиция зобити Гонконгнинг ғарбий қисмида жойлашган ресторанда бўлгани, Жеки Чан эса дўстлари билан Yau Yat Chuen Garden City клубида бўлган экан. Ушбу тунги клублар бир-биридан ярим соатлик йўл масофасида жойлашган.