ТОШКЕНТ, 26 фев - Sputnik. Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) Ўзбекистонга 54 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит тақдим этди. Маблағлар Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг 22 та аҳоли пунктида ва Наманган шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасини йўналтирилади.
ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, фонд билан битимни имзолаш маросими 25 февраль куни Вена шаҳрида бўлиб ўтган.
Ушбу лойиҳа доирасида халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган сув таъминоти инфратузилмаси яратилади, бунинг натижасида Наманган вилоятининг 200 мингга яқин аҳолиси тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
1975-йилда ташкил этилган, қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган ОПЕК Жамғармаси ривожланаётган мамлакатларга ижтимоий ва иқтисодий ёрдам кўрсатадиган молиявий ривожланиш бўйича ҳукуматлараро институтдир.
1999-йилдан бери ушбу тузилма Ўзбекистонда давлат секторида умумий қиймати қарийб 80 миллион долларга тенг бўлган 7 та лойиҳани амалга оширди, шундан 47,2 миллион доллари ичимлик суви ва санитария соҳасидаги лойиҳаларни имтиёзли кредитлаш учун, 12,73 миллион доллари қишлоқ хўжалигига, 5 миллион доллардан транспорт ва таълимни ривожлантиришга ажратилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида янги ҳукумат олдидаги муҳим вазифа ҳақида тўхталиб ўтган эди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб берган эди.