ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги фуқароларни интернетдаги фирибгарлик ҳақида огоҳлантирди.
Қайд этилишича, сўнгги пайтларда порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида гўёки ИИВ томонидан у 200 минг сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.
Унда жаримани “Webmoney” орқали давлат ҳисобига тўлаш лозимлиги, акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг беҳаё видеоларни кўрганлиги ҳақида ҳодиса баёни юборилиши келтирилган.
Шунингдек, фойдаланувчиларнинг интернети блоклаб қўйилгани ҳақида огоҳлантириш бўлган.
ИИВ вазирлик таркибида “Кибержиноятларга қарши кураш бўлими” номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмаслиги маълум қилди.
Қолаверса, “Webmoney” тўлов тизимида ИИВ таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.
“Шунга мувофиқ, фуқароларимизни интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслиги учун фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирамиз”, - дейилган хабарда.
Вазирлик мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда янгича “молиявий пирамидалар” пайдо бўлаётгани хабар қилинган эди.