ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Тошкент вилояти Бўка туманида сохта сўм пул тайёрлаган фирибгарлар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби маълум қилмоқда.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролар жиноят устида қўлга олинган. Маълум бўлишича сохта 50 минг сўмлик купюралар бир гуруҳ фуқаролар томонидан тил бириктириб, компьютер ва рангли принтердан фойдаланган ҳолда тайёрланган.
Шунингдек, текширув давомида аниқланган, 50 000 сўмлик қалбаки купюралардан иборат жами 5 млн сўм ҳамда бошқа жиҳозлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 176-моддасига кўра, қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаган ва уларни ўтказган кишиларга нисбатан 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Агар ушбу жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилган бўлса 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.