ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Самарқандда ўз жонига суиқасд қилган эркакнинг ёнидан аёли қасддан ўлдириб, устидан қулфлаб кетганлиги ҳақида ёзилган хат топилган. Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси матбуот котиби маълум қилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 22 феврал куни Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Челак шаҳри, Кўктепа қишлоғидаги рақамсиз уйда яшовчи фуқаро Ж.Г ўзини ўзи осиб, ҳаётдан кўз юмган.
Унинг чўнтагидан 17 феврал куни Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри, Кимёгар маҳалласи, Сайилгоҳ кўчасидаги хонадонда турмуш ўртоғи Н.Г.ни қасддан ўлдириб, устидан қулфлаб кетганлиги ҳақида ёзилган хат топилган.
Хат мазмуни асосида юқорида қайд этилган хонадон кўздан кечирилиб, ҳақиқатан ҳам фуқаро Н.Г.нинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.
Экспертиза хулосасига кўра, Н.Г.нинг танасида “Бўйин аъзоларининг қисилиши натижасида келиб чиққан механик асфикция” жароҳатлари мавжудлиги аниқланган. Содир бўлган ҳодисанинг сабаблари ҳозирча маълум эмас.
Ҳолат бўйча Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.