ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Яқинда Самарқандга ташриф буюриб, унинг сайёҳлик инфратузиламасидан қониқмаган таниқли россиялик блогер урбанист Илья Варламов шаҳар аҳолисидан узр сўради.
Варламовнинг сўзларига кўра, “Живой журнал”да унинг Самарқандга саёҳати ҳақида мақола нашр этилишидан бир кун ўтиб, шаҳарда “иш қайнаб кетган”. Амалдорлар блогер кезган жойларда бўлиб, у танқид қилган камчиликларни тузатишган.
Шаҳарнинг ободонлаштириш бошқармаси раҳбари Отабек Абдуллаев Facebook᾽даги саҳифасида Варламов мақоласида кўрсатилган ободонлаштириш ишларига оид камчиликлар бартараф этилаётганини маълум қилди ва ўқувчиларга фотоҳисоботни тақдим этди. Шунингдек, у шаҳар мутасаддилари келгусида бундай камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилишларини таъкидлади.
“Бир тарафдан, бу жуда ажойиб. Танқидга яхши ва тўғри муносабат. Бошқа тарафдан, шаҳар бўйлаб жуда юзаки сайр қилганимдан хижолатдаман. Агар ўзбек амалдорлари камчиликларини шунчалик тезкор ислоҳ қила олишларини билганимда, томошага жиддийроқ ёндошган бўлардим. Умуман олганда, бу мендаги камчилик. Узр сўрайман”, - дея ёзган Илья Варламов.
Шунингдек, у Ўзбекистонга албатта яна қайтишига ишонтирган. У Тошкентни кўриш иштиёқида.