ТОШКЕНТ, 21 фев - Sputnik. Сингапур компанияси Тошкентда мусордан ўғит ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сингапурнинг Alpha Global Capital Pte. компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум бўлди.
Хабарда айтилишига кўра, Сингапур компанияси бу йўналишда етарли тажрибага эга бўлиб, улар қаттиқ ва аралаш турдаги чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида экологик тоза ўғитлар ишлаб чиқариш, қурилиш материалларини тайёрлаш, шунингдек, сувни зарарсизлантириш учун қатор технологияларни ишлаб чиққан.
Компания таклиф этаётган технологиялар кичик ҳудудларга мўлжалланган бўлиб, транспорт харажатини талаб этмайди, атроф-муҳитга зарарли моддаларни чиқармайди, шунингдек, энергия тежамкордир. Сувни зарарсизлантириш бўйича таклифлари эса, каналларнинг санитар ҳолатини яхшилаш ва ободонлаштириш учун фойдали, дейилган хабарда.
Учрашувда “Махсустранс ИЧБ” ва “Сувсоз” ДУК раҳбарлари, Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти директори ўринбосари ва бошқа масъуллар иштирок этишди.