ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Тўй ва марака маросимларини ортиқча ҳашамат ва дабдабаларсиз ўтказиш ҳақида сўз юритилди, Sputnik мухбири хабарига асосан.
Анжуманда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев бугунги кунда ўтказилаётган тўй ва маросимлар юзасидан ўз танқидий муносабатини билдириб ўтди.
Ҳозирги кунда бизнинг тўйларимиз на ғарб мамлакатлари тўйларига ва на осиё мамлакатлари тўйларига ўхшайди, бачканавозликдан нарига ўтмай қолдик. Шунинг учун ҳам мана шу қўшма қарор қабул қилинди – деди у “Тўйларни тартибга солиш тўғрисидаги қарор” юзасидан.
Шунингдек, Бахтиёр Сайфуллаев айрим фуқароларнинг тўй ва маросимлар учун катта маблағ сарфлаб, исрофгарчиликкка йўл қўйишлари, хорижда ишлаб топган пулларини бир кунда совуришлари, натижада қарзга ботиб, қарз берган одам ёки қариндоши билан юз кўрмас бўлиб кетиши ҳолатларини тилга олди ва фуқароларни тўй-ҳашам иборасини ишлатмасликка чақирди.
—Бизни тўйларимизда ҳашаматга ўрин йўқ. Ҳашамлик бу — урф одатимизни бузишлик, ҳашамлик бу — исрофгарчилик ва бошқа бошқа иллатларни келтириб чиқарадиган ҳолат деб биламан – дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда тўй ва маросимларни ўтказиш тартиби белгиланган эди.