ТОШКЕНТ, 18 фев - Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори Тедрос Адҳан Гебрейесус янги турдаги коронавирус билан касалланганларнинг 80 фоиздан ортиғи тузалиб кета олишларини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, кекса одамлар хавф остида қолишади, ёш болалар деярли COVID-19 билан касалланишмайди.
“Янги коронавирус атипик пневмония ва Яқин Шарқдаги респиратор синдроми каби хавфли эмас. COVID-19нинг енгил шаклига чалинган беморларнинг 80 фоиздан ортиғи тузалиб кетади. Тахминан 14 фоиз ҳолларда вирус жиддий касалликларнинг ривожланишига олиб келади, жумладан, пневмония ва нафас қисилишига. Беморларнинг 5 фоизда эса нафас олиш йўлларининг етишмовчилиги, септик шок ва тана аъзолар етишмовчилиги каби касалликнинг критик шакллари кузатилмоқда” - деди ЖССТ бош директори.
Гебрейесуснинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Хитой ташқарисида янги турдаги коронавирус билан касалланганлар сони 694 кишини ташкил этади, уч киши вафот этган.
Бунгача ЖССТ Хитойдан ташқарида 25 та мамлакатда 683 та COVID-2019 касаллиги аниқлангани, улардан учтаси вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.
“Женева вақти билан соат 6:00 га маълумотларга кўра, Хитойда COVID-2019 инфекциясининг 70 635 ҳолати қайд этилган, улардан 1772 нафари вафот этган. Сўнгги 24 соат ичида Хитой 2051 клиник ва лаборатор усулда янги инфекция ҳолатларини тасдиқлади. Хитой ташқарисида, ЖССТ 25 мамлакатда 694 та COVID-2019 касаллиги ва уч кишининг ўлганлиги тўғрисида хабар олди", - деди душанба, 17 феварль куни ЖССТ бош директори.
Унинг қўшимча қилишича, Хитойдан олинган янги маълумотларга асосан, эпидемия қайси йўналишда ривожланиши аниқроқ бўлади.
“Маълумотлар, шунингдек, COVID-2019нинг янги ҳолатлари камайиши ҳақида гапирмоқда. Аммо бу тенденцияни жуда эҳтиёткорлик билан изоҳлаш керак, у ўзгариши мумкин. Бу пасайиш давом этади деб айтиш ҳали эрта. Ҳозирча барча сценарийлар кўриб чиқилмоқда", - дея таъкидлади Гебрейесус.
Хитой ҳукумати 2019 йил охирида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мамлакатнинг марказий қисмида (Хубэй провинцияси) Ухань шаҳрида келиб чиқиши номаълум пневмония касаллиги ҳақида хабар берган. Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчисини аниқлашга муваффақ бўлишди - бу янги коронавирус. ЖССТ эпидемияни халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат деб тан олди ва ушбу касалликка расмий ном берди - COVID-2019.
Соат 12.00 ҳолатига (Тошкент вақти) coronavirus-monitor.ru сайтига берган маълумотга кўра, юқтирганлар сони 73,336, ўлим ҳолатлари 1874, тузалганлар сони эса 12837 кишини ташкил қилмоқда.