ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Андижон вилоятида ёш йигитнинг шафқатсиз калтакланиши ёлғон хабар бўлиб чиқди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.
Гап ижтимоий тармоқларда тарқалган бир ёш йигитнинг бир неча киши томонидан калтакланиши ҳақида бормоқда.
Ушбу видеони ҳуқуқни муҳофа қилувчи орган ходимлари ўрганишган. Ўсмирларни топиб қўлга олишган. Терговда видео саҳналаштирилгани ойдинлашган.
“2020 йил 3 январь куни Шаҳрихон туманида яшовчи О.С., К.К. ва И.Н.лар яшаш хонадонни таъмирлашаётган вақтларида О.С.нинг кийимларига қурилишда фойдаланиб келаётган “қизил” ранг берувчи (коллер) тўкилиб кетганлиги сабабли О.С.нинг таклифига кўра сунъий равишда калтакланаётган шахснинг ҳолатини вужудга келтириб, видеотасвирга олиб, телеграмм ижтимоий тармоғи орқали интернетда тарқатиб юборишган”, - дейилган хабарда.
Тергов департаменти ходимлари уларнинг қилмишларини кенг жамоатчилик иштироки ва ота-оналари билан биргаликда танқидий муҳокама қилишди.