ТОШКЕНТ, 15 фев – Sputnik. Сурхондарёнинг Олтинсой туманида аҳоли ва ИИБ ходимлари орасида можаро содир бўлди, икки ходим жароҳат олди, деб хабар қилмоқда ИИВ матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, можаро 14 феврал куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида Ҳалқабод маҳалласида жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонида фуқаролар ноқонуний равишда қурган уйларни бузиш вақтида содир бўлган.
“Айрим фуқаролар қўлларига турли буюмлар (таёқ, болта, тошлар, бел курак ва бошқа) билан ишчи гуруҳ вакилларига тажовуз қилганликлари оқибатида ўртада жанжал келиб чиққан”, - дейилган хабарда.
Тажовузлар натижасида ИИБ ходими сафдор Ш.Мустофоқуловга “Бош миянинг ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона ўнг қош усти, ўнг ён томони эзилган, йиртилган жарохатлари, ўнг кўз қавоғи юмшоқ тўқималарнинг эзилиши ва гематомаси, бурнининг ўнг томони юз соҳасидаги йиртилган жарохат”, шунингдек профилактика инспектори ёрдамчиси А.Жабборовга “Чап елка ўмров акрамиял бўғими соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши” каби тан жароҳатлари етказилган.
Кўрилган чоралар натижасида жамоат тартибини бузаётган фуқаролар зарарсизлантирилиб, жамоат тартиби барқарорлаштирилган.
Аҳоли вакиллари орасида тан жароҳати олганлар ҳақида маълумотлар берилмаган. Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан Олтинсой туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.