ТОШКЕНТ, 15 фев – Sputnik. Беларус президенти Александр Лукашенко Россия энергия манбааларига ягона нарх эвазига Беларусни ўзига қўшиб олишга ҳаракат қилаётганини айтиб берди, РИА Новости Sputnik Беларус хабарига асосан.
Беларус раҳбари айтишига қараганда, на рус халқи на беларус халқи - ҳеч қачон бундай йўлан боришни истамайди.
Шу билан бирга, олдинги чиқишларида Лукашенконинг ўзи бир неча бор Россия билан интеграция тарафдори эканини, лекин бундай интеграция тенг ҳуқуқли бўлиши кераклиги ҳақида айтиб ўтган эди.
“Беларуснинг Россия томонидан “ютиб юборилиши” – бу интеграция эмас. Бу – инкорпорация. Мен ҳеч қачон бунга рози бўлмайман”, - деди Беларус етакчиси.
Bloomberg агентлиги бироз олдин гўёки Владимир Путин Лукашенкога Россия ва Беларусни қўшиб “сверхдержава”, яъни ўта кучли давлат ташкил этишни таклиф қилган эди. Лекин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу гапларни рад этиб, икки давлат раҳбари Иттифоқ доирасида ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилишганини айтган эди.
Ўтган йилнинг баҳорида Bloomberg яна бир гипотезани олдинган сурган эди. Гўёки Россия президенти маъмуриятида Путинни 2024 йилдан сўнг ҳам ҳукумат тепасида сақлаб қолиш имкониятлари қидирилаётгани ва Россия ҳамда Беларус қўшилиб янги давлат ташкил этиш ва унга Путин президент бўлиши ана шундай имкониятлардан бири эканини хабар қилган эди. Песков ўшанда бу гапларни Крмелда муҳокама қилинган масалаларга мутлақ алоқаси бўлмаган “эркин хаёлий машқлар” деб атаган эди.