ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан бюджетга 1,4 трлн. сўмга яқин маблағ қўшимча ҳисобланиб, шундан 563 млрд. сўми ундирилди. Бу ҳақда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат мажлисида маълум қилди.
Қайд этилишича, прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан жами 2 трлн. 341 млрд. сўмлик зарарни қопланиши таъминланган.
Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 4.163 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 15.961 нафарига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилди.
“Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан бюджетга 1,4 трлн. сўмга яқин маблағ қўшимча ҳисобланиб, шундан 563 млрд. сўми ундирилди, ноқонуний муомаладаги 3 млн. 306 минг АҚШ доллари ва 6,9 млрд. сўм олиб қўйилди”, - деди Йўлдошев.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳам газ ва электр энергиясидан 37 трлн. сўм, ижро ҳужжатлари бўйича 15,7 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилган.