Поп туманидаги вилоят чегарасида чемпион боксчини вилоят ҳокими ўринбосари Фахриддин Маткаримов, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев, вилоят жамоатчилиги вакиллари, спортсеварлар, дўстлари ва яқинлари, журналистлар кутиб олдилар.
Муроджон Аҳмадалиев Поп ҳамда Чуст шаҳарларида бўлиб, ўз ғалабасидан хурсанд ҳамюртлар ҳамда ёшлар билан учрашди. Қўлларида байроқлар ҳамда плакатлар билан йўл бўйларини тўлдирган ёшлар, хурсандчилик ҳисларини олқишлар билан намойиш этдилар.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров спортчини оламшумул ғалаба билан қутлаб, қолган икки версияда ҳам чемпионлик камарларини қўлга киритишига умид билдирди.
Наманган шаҳридаги вилоят Маданият марказида Муроджон Аҳмадалиевнинг вилоят ёшлари ҳамда бокс ихлосмандлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда чемпион боксчига тўн кийдирилиб, вилоят ҳокимлиги совғаси – “Дамас” автомобили тақдим этилди.
Муроджон саҳнадан пастга тушиб, автомобиль калитини ўз ғалабаларининг меъмори бўлган ота-онасига топширгани олқишлар билан кутиб олинди.
Учрашув ёшларнинг Муроджон Аҳмадалиевга турли мавзулардаги саволлари билан давом этди.