ТОШКЕНТ, 6 фев – Sputnik. Коронавирус келгуси тарқалишини олдини олиш ва кам ривожланган давлатларни ҳимоя қилиш учун 675 миллион доллар сарфлаш зарур, бу ҳақда ЖССТ баёнотида маълум қилинган.
“Менни энг кўп ташвишга соладиган нарса шундаки, ҳозирги вақтда вирусни юқтирган одамларни аниқлаш тизимлари мавжуд бўлмаган давлатлар мавжуд”, - деган ЖССТ раҳбари Тедрос Адхан Гебрейес сўзлари келтирилган ҳужжатда.
У соғлиқни сақлаш тизими заиф бўлган давлатларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.
Декабрь ойи якунида Хитой ҳукумати Хубей вилоятида номаълум пневмониянинг тарқалгани ҳақида хабар қилди. Кейинчалик, касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV экани аниқланди. Янги типдаги коронавирус билан касалланган беморлар сони 24,3 минг кишидан ошди, касалланганларнинг сал кам 500 нафари вафот этди.