ТОШКЕНТ, 4 фев - Sputnik. Екатеринбург шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси 3 нафар Ўзбекистон фуқароларининг коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилгани тўғрисида ОАВ хабарини тасдиқлади, деб хабар қилмоқда ТИВ матбуот-хизмати.
"Новосибирск-Тюмен авиарейсида учган Хитой фуқаросида коронавирус аниқланганидан сўнг ушбу рейснинг барча йўловчилари ҳамюртларимиз билан касалхоналарга жойлаштирилган", - дейилади хабарда.
Бош консулхона ўзбекистонликлар жойлаштирилган тиббиёт муассасаси билан алоқа ўрнатди. Шифокорлар берган маълумотга кўра Ўзбекистон фуқароларининг аҳволи қониқарли ва коронавирус симптомлари кузатилмаяпти.
Уларнинг анализлари Тюмен ва Новосибирск тиббиёт муассасаларига юборилган, у ерда пухта ўрганилганидан сўнг тиббий хулоса берилади.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Урал федерал округи (Курган вилояти, Свердловск вилояти, Тюмен вилояти, Челябинск вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи – Югра, Ямал-Ненетск автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33.