ТОШКЕНТ, 4 фев - Sputnik. Хитойнинг Шинжон вилоятида уйғурлар ва этник қозоқларнинг оғир вазияти Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди ва АҚШ давлат котиби Майк Помпео томонидан муҳокама қилинди, деб хабар беради Sputnik Қозоғистон.
"Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши миллат руҳини белгилайди. Биз одам савдоси билан боғлиқ масалаларни, ХҲР нинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудларида жойлашган лагерларида бўлган бир миллиондан ортиқ мусулмон уйғурлар ва этник қозоқлар масалаларини муҳокама қилдик", деди Майк Помпео Нур-Султондаги матбуот анжуманида.
У ўз нутқида АҚШ барча давлатларга қўшилиб қатағонларга чек қўйишни талаб қилганини айтди.
"Биз Хитойни тарк этишни истаган одамларнинг хавфсизлигини таъминлашга, ушбу одамларнинг инсоний қадр-қимматини ҳимоя қилишга чақирамиз", - дея хулоса қилди Давлат котиби.
Шунингдек, у Қозоғистоннинг терроризм ва экстремизмга қарши курашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади ва Қозоғистоннинг Сурия ва Ироқдан аёллар ва болаларни олиб чиқиш бўйича операциялари бошқа давлатларни ҳам илҳомлантириши кераклигини айтди.