Тошкентда Геология фанлари университети очилади

Oбуна бўлиш
Тошкентда 4та институтнинг моддий-техник базаси ва илмий кадрлар салоҳияти бирлаштирувчи - Геолония университети очилади.

ТОШКЕНТ, 31 янв - Sputnik. Тошкентда яна бир замонавий олийгоҳ - Геология фанлари университети очилади, бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.  

Шавкат Мирзиёев 31 январь куни Тошкент шаҳридаги Олимлар кўчасида жойлашган илмий-тадқиқот институти асосида очиладиган янги университет кампусига тамал тоши қўйди, дейилган хабарда. 

Янги олийгоҳ таълим ва илм-фан кластери шаклида бўлади. 4 та институтнинг моддий-техник базаси ва илмий кадрлар салоҳияти бирлаштирилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Санкт-Петербург тоғ-кон университети ва бошқа нуфузли даргоҳлар билан ҳамкорликда таълим дастури йўлга қўйилади. 

- Бир пайтлар Ўзбекистонда геология анча ривожланган, рақобатбардош соҳа эди. Ҳатто бошқалар келиб, юртимиз мутахассисларидан тажриба ўрганиб кетарди. Лекин охирги ўттиз йилда бу соҳа эътибордан четда қолиб кетди. Бор салоҳиятни сақлаб қололмадик. Олимларга йўналиш, рағбат бўлмади. Замонавий кадрлар етишиб чиқмади. Аслида, геологик тадқиқотлар иқтисодиётнинг ҳамма соҳалари учун керак. Ташхиссиз беморни операция қилиб бўлмаганидек, геологиясиз саноатни ривожлантириб бўлмайди. Биз бугун шу соҳа ривожига асос бўладиган илм даргоҳига пойдевор қўймоқдамиз, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Президент Геология фанлари университети қурилишига оид лойиҳалар билан танишди. Ўқув бинолари ва лабораторияларни чет эл тажрибаси ҳамда касб спецификасидан келиб чиқиб қуриш, майдонлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ўзининг парламентга қилган мурожаатномасида 2020 йил мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилган эди.

 

Янгиликлар лентаси
0