ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Фарғонада ҳамширага тажовуз қилган беморнинг онасига нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, суд-тиббий экспертиза бюросининг 29 январдаги 340-сонли хулосасига кўра, ҳамшира М.М.да бурун суягининг ёпиқ синиши, бош мия чайқалиши, бўйин соҳасида шилинма, ўнг кўз-қовоқларида қонталаш каби тан жароҳатлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.А.га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши очилган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада жанжалкаш она-бола дўппослаган ҳамшира оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ва дастлабки суриштирув ишлари олиб борилаётгани хабар қилинган эди.