Сал кам 130 йил яшаган онахон инсониятга нимани васият қилган эди

© Foto : Мунира МелибоеваСамая старая женщина Таджикистана Фатима Мирзакулова
Самая старая женщина Таджикистана Фатима Мирзакулова - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Тожикистонда энг узоқ яшаган 126 ёшли Фотима Мирзоқулова вафот этди. Sputnik Ўзбекистон мухбири бевосита онахон билан учрашган тожикистонлик журналист Мунира Мелибоева билан суҳбатлашди.

ТОШКЕНТ, 30 янв – Sputnik. Тожикистонда энг узоқ яшаган 126 ёшли Фотима Мирзоқулова вафот этди.

Sputnik Ўзбекистон мухбири онахон билан учрашган тожикистонлик журналист Мунира Мелибоева билан суҳбатлашди.

© Foto : Мунира МелибоеваСамая старая женщина Таджикистана Фатима Мирзакулова в кругу семьи
Сал кам 130 йил яшаган онахон инсониятга нимани васият қилган эди - Sputnik Ўзбекистон
Самая старая женщина Таджикистана Фатима Мирзакулова в кругу семьи

“Фотима эна дунёда мен билган, суҳбатлашган энг ёши улуғ инсон эдилар! 127 ёшли Фотима эна билан учрашувимиз редакция топшириғи билан эмас, тасодифий, бўлди. Балки шунинг учун у киши ҳақида эълон қилишга шошмадим. Аммо 25-январ куни Фотима онанинг вафотларини эшитиб, оёғим остида ер титрагандек бўлди, хаёлимда дунёнинг энг устувор устуни қулагандек. Асрларни, даврларни, даврону ҳоқонларни қаритиб келаётган Фотима энанинг ўзлари ҳам сўнгги сафарга йўл олибдилар. Демак...  демак ўша суҳбатда видео тасмага ёзиб олганим Фотима онанинг охирги суҳбатлари, менга насиҳат, балки инсониятга васиятлари экан!..

Узоқ яшашнинг сири: меҳнат ва садоқатда!

Фотима она билан учрашувимиз пайти ҳаммани қизиқтирган савол: узоқ яшашларининг сирини сўраган эдим. Она узоқ сукут қилдилар. Саксон ёшли қизлари Роҳатой қистовидан сўнг ҳаммасини очиб солдилар:

"Колхозга ишлаганмиз, умримиз қоп кўтариш билан, замбар кўтариш билан ўтган. Фарғона каналига борганмиз, ундаям замбар кўтарганмиз. Умримиз меҳнат билан ўтган.

Битта чол касал бўлиб қолди, ўладиған бўлиб, шундан ишдан қолдим, бўлмасам ҳеч ишдан қолған эмасман. Биринчи бўлиб пахтадаям, пахта терганмиз, кўрак қилганмиз. Ҳамма эллик кило, ўттиз кило терса мен юз кило терардим..."

"Битта чол" ва унга садоқат тарихи

Отаси Бозорбой Фотима Мирзоқуловани 20 ёшида Аҳмадали исмли ҳамқишлоғига турмушга беради. Бу никоҳдан Рўзибой, Ойсулов ва Роҳатой исмли фарзандлари туғилади. 1941 йил умр йўлдоши Улуғ Ватан урушига юборилиб, хат-хабарсиз кетади. Фотима она болаларини ёлғиз катта қилади. Эрининг дом-дараксиз кетганидан ўн йил ўтгач қариндош уруғлари қўярда қўймай 58 ёшли Фотима онани 72 ёшли ҳамюрти Маҳкамбойга узатишади. Бу турмушдан Анорхон, Неъматулло, Чинорой, Хуморой ва Саксонбой туғилади.

Отдыхающие в усадебном парке Суханово в Московской области. - Sputnik Ўзбекистон
Ўн беш йил узоқроқ умр кўришни хоҳлайсизми - олимлар тавсиялари

Фотима она иккинчи турмушини шундай эслайди:

–   Кўп оғир замонлар эди. Қариндошлар қўярда қўймай турмушга берди. Маҳкамбой билан 36 йил яшадик. Беш фарзанд кўрдик. Кенжамни туққанимда мен 66 ёшда, хўжайиним 80 ёшда эдилар. Шунинг учун ҳам ўғлимизнинг номини Саксонбой қўйганмиз. Ўттиз йил бурун Саксонбойнинг отаси ҳам вафот этди. Шундан буён болаларим, невара, эвара, чеваралар билан яшаб келяпман...

Фотима она жами саккиз фарзанд кўради. Ҳозир онанинг тўнғич фарзандлари Ойсулув 92 ёшда, ундан кейингиси Рўзибой 88 ёшда, учинчи қизлари Роҳатой эса 80 ёшда. Фотима она саккиз фарзандини болалари – 56 невараси, 200 эвараси борлигини айтади. Чевараларининг нечталигини аниқ айтолмайди. Энанинг невараси Муҳаммаджон Қобилов чеваралар сони ҳам невараларникидан кам эмаслигини айтади.

© Foto : Мунира МелибоеваСамая старая женщина Таджикистана Фатима Мирзакулова
Сал кам 130 йил яшаган онахон инсониятга нимани васият қилган эди - Sputnik Ўзбекистон
Самая старая женщина Таджикистана Фатима Мирзакулова

1893 йилнинг 13-мартида туғилган Фотима она умрининг қарийб чорак асри оқ пошшо даври, Рус империяси ҳукмдори Николай II замонида Қўқон хонлиги тугатилиб, ўрнида тикланган Туркистон генерал-губернаторлигида ўтган. Улуғ октябр революцияси рўй берганида Фотима она 24 ёшда бўлган.

Фотима она уч аср – XIX, XX ва XXI юз йилликлар ҳамда уч тарихий давр – пошшолик, социализм ва мустақилликда, уч давлат – Рус империяси Туркистон генерал-губернаторлиги, Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи Тожикистон ССР ва мустақил Тожикистонда яшади. Инсоният тарихидаги уч қирғинбарот урушнинг тирик гувоҳи бўлди, аччиқ таъмини тотди.

Янгиликлар лентаси
0