ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. 2019 йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйгани сабабли маъмурий жаримага тортилган мансабдор шахслар рўйхати эълон қилинди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги рўйхатидан жами 43 нафар мансабдор шахслар ўрин олган. Уларнинг 2 нафари туман ҳокими, 5 нафари туман ҳокими ўринбосари, 15 нафари ҳудудий банк филиаллари бошқарувчиларидир.
Таъкидланишича, йўл қўйган камчиликлари сабаб 2 нафар туман ҳокими эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
2019 йил давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари Давлат меҳнат инспекциясининг мурожаат каналлари (1176 қисқа рақамли ишонч телефони, “www.dmi.mehnat.uz” сайти, @mehnathuquqbot телеграм боти)га мажбурий меҳнат билан боғлиқ 1282 та хабар келиб тушган. Ўрганишлар уларнинг 259 тасида ҳақиқатан ҳам фуқаролар мажбурий меҳнатга жалб этилганини, шунинг 118 таси пахта терими мавсумида рўй берганини аниқланган. Айбдорлар жавобгарликка тортилиб, уларга 772 миллион сўм миқдорида жарималар тайинланган.
Шунингдек, 2019 йил пахта йиғим-терими вақтида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2979 маротаба мониторинг ўтказилган. Натижалар эса 3060 нафар фуқаронинг мажбурий меҳнатга жалб этилганини кўрсатди. Айбдорлар қонунда кўрсатилган тарзда жавобгарликка тортилган.