ТОШКЕНТ, 28 янв - Sputnik, Рамиз Бахтияров. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вабо, карантин ва юқори юқумли инфекциялар профилактикаси марказининг вабо лабораториясининг мудири Маъруфжон Мадаминов Sputnik мухбири билан суҳбатда ҳозирги вазият қанчалик хавфли эканлиги, мамлакатда қандай чоралар кўрилгани ва яқин кунлардаги прогнозлари билан ўртоқлашди.
- Бир кун олдин сизнинг бўлимингиз Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова билан видеоконференция ўтказди. Нима муҳокама қилинди ва қандай тавсиялар берилди?
Ёндашувлар дунёнинг турли бурчакларида пайдо бўлган вирусларнинг аввалги тарқалишларига ўхшайди: халқаро соғлиқни сақлаш қоидалари доирасида ишлаш, ЖССТ тавсияларига риоя қилиш, савдо-иқтисодий алоқаларни чекламаслик, бир-бирларини ўзаро хабардор қилиш, Хитойдан келганларни яшаш жойида икки ҳафта мобайнида тиббий кузатувга олиш. Шунингдек, инфекцияни олдини олиш учун шифокорлар ва аҳолининг хабардорлигини ошириш, шахсий ва жамоат гигиенасига риоя қилиш керак.
Роспотребнадзор, агар керак бўлса, диагностикумлар билан ёрдам беришга тайёр (серологик реакциялар учун антиген сифатида ишлатиладиган нейтралланган микроорганизмларнинг суспензиялари – муаллиф изоҳи).
- Буларнинг барчаси қанчалик миқёсли ва хавфли бўлиши мумкин?
Вируснинг контагиозлик (юқумли касалликларни касалдан соғлом сезгир одамларга юқиши ҳусусияти. – муаллиф изоҳи) ўртача даражада деб баҳоланади, ўлим даражаси 2%, бу кўрсаткич нисбатан паст. Масалан, қуш гриппида ўлим ҳоллари дастлаб 100% гача етган эди. Тарқатиш коэффициенти таҳминан 1,2-1,5 деб баҳоланмоқда. Бу аввалги вирусларга, худди шу қуш гриппига ва бошқаларга қараганда ўрта-миёна кўрсаткичлар.
- Кам учрайдиган ёввойи ҳайвон инфекциянинг қўзғатувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Буни эҳтимоллиги қанчалик?
Ҳа. Коронавирусларнинг аксарияти келиб чиқиши ҳайвонлардан. Бошқача қилиб айтганда - зоонозлар. Дарвоке, қуш гриппи ҳам зооноздир. Ҳозирги вазиятда инфекция Ухань бозоридаги денгиз маҳсулотлари, қисман чорвачилик маҳсулотлари, қуруқликдаги яшовчи ҳайвонлардан юқтирилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Хитойлик ҳамкасбларнинг лаборатория тадқиқотлари натижаларига кўра, бозорда олинган намуналарнинг учдан бир қисми коронавирус излари борлигини кўрсатди. Аммо ким ёки нимадан, қайси турлардан ва бирламчи юқтирувчи манба бўлганлиги ҳозирча номаълум. Ҳар ҳил турдаги ҳайвонлар - қорамол, ит, денгиз маҳсулотлари, судралиб юрувчилар ва бошқалар. Хитойликлар, умуман олганда, ҳаракатланадиган ҳамма нарсани ейишади.
- ОАВлар шунингдек, вирус юқори ҳароратга чидамли эмаслиги ҳақида хабар тарқатди. У бизнинг ёзги иқлимимизга мослашмайди деб айтиш мумкинми?
Тахминан, шундай. Вируслар биз, инсоният каби учун турли зотлидир. Ҳамма ҳам моржлар каби чиниқмайди ёки қуёшда бўлишни афзал кўрмайди. Аммо ҳозирча янги вирус ҳақида ҳамма нарса ҳам маълум эмас. Билим ва тажриба тўплангани сари ёндашувни ўзгартириш мумкин.
- Хитойга нисбатан ҳаво қатнови, сайёҳлар оқими, савдо чекловлари ва бошқа изоляция чоралари кўрилиши мумкинми?
Чегараларни ёпишнинг ҳожати йўқ, ушбу босқичда савдо чекловлари мавжуд эмас. ЖССТнинг фавқулодда қўмитаси 22-23 январь кунлари вазиятни кўриб чиқиб, Бош директорга соғлиқни сақлаш учун халқаро фавқулодда вазиятни эълон қилишни таклиф қилмади. Илгари, бу эълон икки марта содир бўлган: Хитойда атипик пневмония ва Ғарбий Африкада Эбола вируси эпидемияси пайтида. Аммо тахминан бир ҳафтадан кейин, иккинчи учрашув режалаштирилган, бошқа ечим бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳозирча. Ҳаммаси вазият қандай ривожланишига боғлиқ.
- Хитой расмийлари вирус тарқалиши ҳақидаги маълумотлар туфайли ваҳима қўзғамасликка чақирмоқда. Келгуси кунлар ёки ҳафталар бўйича прогнозларингиз қандай?
Хитойлик ҳамкасбларнинг математик моделлаштиришига кўра, феврал ойининг биринчи ўн кунлигида чўққига чиқиш кутилмоқда. Вирус билан чалинган одамлар кўпайгани сари, шу одамлар қонида антителалар пайдо бўлади. Ҳар бир бундай учрашув вируснинг патогенлигини камайтиради. Ушбу ҳодиса эпидемик жараённинг ўзини ўзи тартибга солиш деб номланади.
Расмий маълумотларга кўра, янги коронавирус Гонконг, Макао, Тайвань, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Ветнам, Сингапур, Непал, Франция, Австралия ва Малайзияда аниқланган. Россия ва Ўзбекистонда Хитойдан ва ёки бошқа давлатлардан 2019-nCoV вирусининг кириб келиши ҳолати кузатилмади. Республика Соғлиқни сақлаш вазири фуқароларга хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинча чет элга чиқмасликларини маслаҳат берди.