ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги матбуот анжуманида хорижда вафот этган фуқароларни ватанга олиб келиш қай тартибда амалга оширилиши ва сарфланадиган пул маълум қилинди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилмоқда.
“Хорижда вафот этган фуқароларни олиб келиш жараёни иккига бўлинади. Биринчи жараён вафот этган фуқаронинг жасадини олиб кетишга тайёрлашдир. Иккинчи жараён бу олиб кетишнинг ўзи. Жасадни олиб кетишга тайёрлашга 1000 доллардан 1500 долларгача пул белгилаб қўйилган. Транспорт хизматлари, транпорт хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг тарифи бўйича бу чегаралади”, - деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов.
Унинг сўзларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистонга 308 нафар фуқаронинг жасади олиб келинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик мигрантларга жамғарма ҳисобидан суғурталаш бўйича субсидия жорий этилгани хабар қилинган эди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ўзагросуғурта”АЖ билан тузган меморандумига кўра, чет элга ишга кетаётган фуқароларга ҳаёт, соғлиқ ва ишга жойлашиш учун патент берилишининг рад этилиши таваккалчилиги йўналишларини ўз ичига олган суғурта полиси бериляпти.