ТОШКЕНТ, 22 янв – Sputnik. Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида компания Telegram мессенжерида @UNG_Petro_Botни ишга туширилди. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Телеграм орқали очилган ушбу "@UNG_Petro_Bot" бот орқали истеъмолчилар "UNG Petro" корхонасига тегишли барча АЁҚШлар жойлашувини харитага қараб аниқлаш, сотилаётган нефт маҳсулотлари турлари, нархлари ва алоқа учун телефон рақамларини билиб олиш имкониятига эга бўлди.
Telegram-бот сайёҳларга ҳам қулайлик яратиш мақсадида уч тилда ишга туширилган.
Айни пайтда ушбу Telegram-бот Тошкент ва Тошкент вилоятидаги АЁҚШлар ҳақидаги маълумотларни бериб турибди.
Қисқа муддатда эса Telegram-ботдан республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам фойдаланиш имконияти яратилади.
Бир оз аввал UNG бренди остида нефт маҳсулотларини сота бошлаган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди.