ТОШКЕНТ, 22 янв – Sputnik. Сирдарё Ички ишлар бўлими уйма-уй юриб кексалар мушкулини осон қилмоқда.
Сирдарёда имконияти чекланган ва кекса ёшдаги фуқароларнинг уй манзилига бориб, уларга фуқароликни расмийлаштириш хизмати кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Сирдарёда вилоятида истиқомат қилаётган, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига келишга имконияти етарли бўлмаган кексаларнинг мушкули осон қилинмоқда.
Уй ёки иш манзилига борган ҳолда фуқароларга биометрик паспорти расмийлаштириб берилмоқда. Тайёр бўлган биометрик паспортлар шу куннинг ўзидаёқ ўз эгаларига тарқатилмоқда.