ТОШКЕНТ, 22 янв – Sputnik. 2009 йилдан 2018 йилгача Марказий Осиёдан келган мигрантлар хориждаги пул жўнатиш тизимлари орқали Россиядан 141,4 миллиард долларни (5,64 трлн рубл) олиб чиқишди, дея хабар беради Lenta.ru FinExpertiza’га асосан.
Кўпинча, 2018 йилда Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Хитой, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия ва Украина фуқаролари ўз оилалари ва қариндошларига пул юборишган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон чет элга чиқарилган маблағлар сони бўйича мутлақ етакчи ҳисобланади. Пул жўнатмаларининг 30 фоизи мамлакат ҳиссасига тўғри келади.
Ўз навбатида компания мутахассислари тўлов тизимлари мигрантлар орасида ўз ватанларига пул юборишнинг энг оммалашган усули эканлигини таъкидлашади. Шунингдек, улар мамлакатдан пулларни нақд пулда ёки тўлов топшириқномалари ёрдамида чиқарадилар.
Компания таъкидлашича, мигрантларга банклардан фойдаланиш ёқмайди ва уларда камдан-кам ҳолларда ҳисоб рақамларини очишади. Россиядан пул юбориш электрон каналларини ҳам унчалик ҳуш кўришмайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки ўтган йил 9 ойида халқаро пул ўтказмалари умумий ҳажми 5,2 миллиард долларни ташкил қилгани ҳақида маълумот берганди.