ТОШКЕНТ, 20 янв – Sputnik. Мажлис иштирокчилари Олий Мажлис юқори палатаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тақдим қилди.
Палата аъзолари яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Танзила Нарбаевани сайлади.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Содиқ Сафоев сайланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади. Ушбу нормага асосан Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Муса Ерниязов сайланди.
Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Зайниддин Низамходжаев ҳам сайланди.
Мажлисда сенаторлар томонидан халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари, бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш, мудофаа ва хавфсизлик масалалари, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари, ёшлар, маданият ва спорт масалалари, аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари, шунингдек Регламент ва одоб комиссияси ташкил этилди.
Ҳар бир қўмита ва комиссиянинг раиси, раис ўринбосари ва аъзолари сайланди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Бундан ташқари, Бош вазирнинг Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисидаги аризаси ўқиб эшиттирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси ниҳоясига етди.