ТОШКЕНТ, 20 янв – Sputnik. Суратда болакай анча йиллардан бери кўрмаган, меҳрини илк маротаба пул шаклида ифода этаётган отасига салом йўлламоқда. У онасига келиб тушган пул эвазига яқинда спорт формасига эга бўлишидан хурсанд. Ушбу сурат ва маълумотларни МИБ матбуот хизмати тақдим этди.
Қайд этилишича, ота фарзандидан хабар олиш тугул, алиментни ҳам давлат ижрочисининг таъсири остида тўлаб келган. Беғубор мурғак қалб ўз мурожаатида отасини соғинаётгани, спорт тўгараги учун форма олишни хоҳлаётганини ёзган.
Сирдарё туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор И.Усмановдан ундирувчи Д.Юнусова фойдасига 1 нафар фарзанди учун алимент тўловларини ундириш белгиланган.
Фарзандидан келган бу салом хатидан сўнг отанинг масъулияти ўзгарган, у фарзандининг моддий таъминоти учун 945 минг сўм алимент пулларини тўлаб берган.