ТОШКЕНТ, 20 янв - Sputnik. Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиали ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинган.
Қайд этилишича, филиал Тошкент давлат техника университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр, бланкалар, мустақил баланс ҳамда Ўзбекистон Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб варақларига эга бўлади.
Филиалнинг асосий вазифаларидан бири этиб кончилик иши, кончилик электр механикаси, электр энергетикаси, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш ва бошқариш, машинасозлик технологияси ва машинасозлик ишлаб чиқаришини автоматлаштириш йўналишлари бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлаш белгиланган.
Талабалар амалиёти эса Тебинбулоқ кон негизидаги кон-металлургия комплексида ташкил этилиши ва уларда ишлаш имконияти яратилиши мумкин.
Бундан ташқари хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда кон-металлургия соҳасида Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда малакали кадрлар тайёрлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун ҳам таълим олиш имконияти кенгайтирилади.
Филиалдаги ўқув жараёни 2020-2021 ўқув йилидан бошланиб, талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.