ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига гувоҳнома ҳамда кўкрак нишонлари топширилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.
Таъкидланишича, тадбирда МСК аъзолари, янги сайланган депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.
Парламент сайловлари натижаларига кўра, МСК Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатини ва Сенатининг 97 нафар аъзосини рўйхатга олди. Сенат аъзоларининг 13 нафари Шавкат Мирзиёвнинг 17 январдаги фармонига асосан тайинланган.
Маросимда МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов миллий парламентнинг янги сайланган ва президентнинг фармонига биноан тайинланган аъзоларини халқ вакили бўлишдек шарафли мақомга мушарраф бўлгани билан самимий табриклади.
Тадбирда парламент аъзолари энди ўзининг бор куч-ғайрати, улкан илмий, ижодий ва етакчилик салоҳиятини ҳамда инсоний фазилатларини халқнинг ва мустақил Ўзбекистоннинг равнақи йўлида сафарбар этади, деган умид билдирилди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг биринчи мажлислари шу йилнинг 20 январь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилинган.