ТОШКЕНТ, 17 янв - Sputnik. Амударёдаги психиатр қабулига келган фуқаро поликлиника биносининг иккинчи қаватидан ўзини ташламоқчи бўлганида профилактика инспекторлари томонидан ушлаб қолинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Қайд этилишича, Амударё туманида Психиатр қабулига келган ёши тахминан 40-45 ларда бўлган фуқаро поликлиника биносининг иккинчи қаватидан ўзини ташламоқчи бўлган. Ушбу ҳолат акс этган видеотасвир эса ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган.
Воқеа 16 январ куни тахминан соат 08:30 ларда юз берган. Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё тумани «Қиличбой» овул фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб, акаси Қ.Э.нинг руҳий касаллиги қўзғигани сабабли ўзига пичоқ урмоқчи бўлаётганини маълум қилган.
Профилактика инспектори чақирилган манзилга етиб борганида, ҳақиқатдан ҳам фуқаро Қ.Э.нинг ўз уйида ошхона пичоғини ўзига урмоқчи бўлаётгани, бақир-чақир қилаётгани ҳолатига гувоҳ бўлган. Инспектор фуқарони тинчлантириб, унинг қўлидаги пичоқни олиб қўйган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштириш учун уни руҳий касалликлар шифохонасига олиб борган.
Туман марказий шифохонасининг иккинчи қаватида ушлаб турилган вақтида фуқаро Қ.Э. қочиш ниятида поликлиника деразасини ошиб ўтиб, пастга сакрамоқчи бўлган.
Профилактика инспекторлари тезкорлик билан фуқарони ушлаб қолишган ва ушу куннинг ўзидаёқ Нукус шаҳридаги руҳий-асаб касалликлар шифохонасига ётқизилган.