ТОШКЕНТ, 14 янв – Sputnik. Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи фондидан 21 дона Нахшаб тангалари ўрин олди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Ўзбекистон ўзининг тарихий ва маданий бойликларга эга эканлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудларидан топилаётган тарихий ва маданий бойликлар жамоатчилик ҳамда дунё аҳли вакилларини тез-тез ҳайратга солмоқда.
Қайд этилишича, топилган мазкур тангалар эрамизнинг IV-VI асрларига тааллуқли бўлиб, Жанубий Суғд тангалари ҳисобланади.
Бир хил номиналдаги тангаларда ўз даврига хос бўлган тасвирлар туширилган. Масалан, тангалардан бирининг аверс қисмида Нахшаб ҳокимининг чапга қараб турган тасвирини кўриш мумкин. Юзининг анча чўзиқлигидан у эфталитлар қиёфасига мансуб ҳукмдор деган хулосага келинмоқда.
Шунингдек, яна бир тангада сочи турмакли ҳукмдор орқа оёқларида турган шерга калта қилич санчаётганлигини кўриш мумкин.
Ҳайвон думи юқорига қайрилган, у ҳукмдор қўлидаги калта қилични олд оёқлари билан уриб туширмоқчи бўлиб турибди. Ҳукмдорнинг эгнида тиззагача тушадиган, чамаси, ҳимоя қилувчи ёпинчиғи акс этган.
Тангада шунингдек, яқин Шарқлик Мардук билан Тиаматанинг яккама-якка олишуви манзарасини, подшоҳнинг афсонавий маҳлуқ устидан ғолиб келиши манзарасини кўриш мумкин.
Ушбу тасвир ҳукмдорнинг Нахшабда IV-VI асрларда сиёсий, диний ҳокимиятга эга бўлиш ҳуқуқининг қонунийлигини ифода этган дейилмоқда хабарда.