ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Бухорода ишдан ғайриқонуний равишда бўшатилган ходим ўз ишига тикланди. Унинг иш ҳақи ва маънавий зарари МИБ томонидан ундириб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бўлими ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Р.Қ. Қоровулбозор туман Ободонлаштириш бўлимидан ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган. Фуқаро мажбурий “прогул” учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилган. Суд ишни фуқаро фойдасига ҳал қилган.
Шундан сўнг Р.Қ.ни Қоровулбозор тумани бўлимига ишга тиклаш ва унинг фойдасига қарздордан мажбурий “прогул” учун 3 млн. 254 минг сўм иш ҳақини ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлар олиб борилган.
Натижада фуқаро ўз иш ўрнига қайта тикланиб, унинг иш ҳақи ва етказилган маънавий зарар пуллари тўлиқ ундириб берилган.