ТОШКЕНТ, 11 янв - Sputnik. Ўзбекистон меҳнат вазирлиги Литвада оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, сал олдин Интернет тармоғида хусусий бандлик агентлиги орқали ишга кетган бир гуруҳ фуқароларнинг Литвада қийин аҳволда меҳнат қилаётгани тўғрисида тарқалган маълумотлар юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг баёноти эълон қилинган эди.
Баёнотда фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш, қайтиш истагидагиларни Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилётгани маълум қилинганди.
Бугун 11 январь куни тонгда қайтиш истагини билдирган фуқароларнинг икки нафари – Рига шаҳридан Тошкент халқаро аэропортига учиб келди ва улар яшаш жойига кузатиб қўйилди, дейилади хабарда.