ТОШКЕНТ, 11 январь - Sputnik. АҚШ қуролли кучлари Тинч океани минтақасига Хитойга қарши ахборот, электрон, ракета ва кибер операцияларни амалга оширишга қодир бўлган махсус тезкор гуруҳни юборишни режалаштирмоқда, деб ёзади Bloomberg Қўшма Штатлар Қуруқликдаги кучлари вазири Раян Маккартининг интервьюсига таяниб.
Унинг сўзларига кўра, махсус тезкор гуруҳ америка авиаташувчи гуруҳларни Осиёнинг материк қисмидан узоқлаштиришга қаратилган Россия ва Хитойда мавжуд бўлган баъзи имкониятларни зарарсизлантириши мумкин.
Қабул қилинаётган қадамлар АҚШ ҳарбий-космик разведкаси миллий бошқармаси билан янги келишув билан мустаҳкамланади.
Шундай қилиб, АҚШ армиясининг тезкор гуруҳлари Ернинг паст орбитасида мавжуд ва бўлажак спутниклар ҳақида маълумотларни яхшироқ қўлга киритишлари мумкин.
Bloomberg маълумотларига кўра, ушбу чора-тадбирлар АҚШга Тинч океани минтақасида янги моделни яратиш имконини беради, бунда қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ва денгиз кучлари учун душман мудофаасида "тешик очиши" мумкин.
Тахминларга кўра, бўлинма Тайван ва Филиппин шарқидаги оролларда жойлашади, аммо жойлаштириш муддати ҳозирча ошкор этилмаяпти.
Аввалроқ Sputnik радиоси Япония Мудофаа вазирлиги Яқин Шарққа эсминец ва самолёт юборгани ҳақида хабар берган эди.