ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Наманганда террористик ташкилотлар сафига қўшилмоқчи бўлган шахслар ушланди. Улар террорчилик ташкилотлари сафига қўшилиш мақсадида қуролли тўқнашувларни давом эттираётган ҳудудларга чиқиб кетишни режалаштиришган. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 7 январь куни Наманган вилоятида Ички ишлар бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда тезкор-тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган террорчилик ташкилотлари эмиссарларининг ғоявий таъсирига тушган Янгиқўрғонлик бир нечта фуқаролар қўлга олинган.
Шунингдек, уларнинг яшаш хонадонлари текширилганда алоқа воситалари хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар сақланганлиги ва бошқаларга ҳам тарқатиб келинганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.