ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. Ўзбекистон ва Россия 2019-2024 йилларга мўлжалланган 24 миллиард долларлик қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
“Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида 2019-2024-йилларга мўлжалланган умумий қиймати 25 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган икки томонлама ҳужжатларни амалга оширишни томонлар назорат қилмоқда”, - дейилади хабарда.
Таъкидланганидек, стратегик шерикчиликни мустаҳкамлашда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш ҳисобланади. Унинг ҳажми сўнгги икки йилда 1,5 баробарга ошди. Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида товар айланмаси 5,8 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 14,1%га ошди. Йил бошидан буён 130 та иқтисодий делегацияларнинг ўзаро ташрифлари ташкиллаштирилди.
“Шу нуқтаи назардан икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон вилоятлари Россиянинг 70 та субектлари билан самарали муносабатлар ўрнатди”, - дейилади хабарда.
25 декабрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон-Россия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилик қилди. Россия Федерациясидан ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко бошчилигидаги делегация иштирок этди. Учрашувда 2017 йил апрель ойидаги Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ва 2018 йил октябрь ойидаги Владимир Путиннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифлари доирасида эришилган келишувларни бажариш жараёни кўриб чиқилди.
Маслаҳатлашувларда 2020 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган икки томонлама тадбирлар, жумладан, Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия ва Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашилди.