"Миллий тикланиш" етакчиси аёллар роли, камтарлик ва лотин алифбоси ҳақида

© Sputnik / Дильшода РахматоваАлишер Кадиров, председатель партии"Миллий тикланиш" и заместитель спикера Законодательной палаты
Алишер Кадиров, председатель партииМиллий тикланиш и заместитель спикера Законодательной палаты - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

Парламентдаги 150та ўрин учун мамлакатда рўйхатдан ўтган: ЎХДП, ЎзЛиДеп, "Адолат", "Миллий тикланиш" ва Экологик партияларидан 750 номзод ўзаро кураш олиб бормоқда. Sputnik барча сиёсий партиялар вакиллари билан мулоқот қилди ва қонунчиликка улар қандай ўзгаришларни киритишни таклиф этаётганини аниқлади.

Ўзбекистон Миллий Тикланиш Демократик Партияси Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодиров Sputnik Ўзбекистон агентлигига берган интервьюсида нега Ўзбекистонда аёллар камроқ ишлаши кераклиги ва чет элдаги меҳнат мигрантлари ҳаётини қай тарзда яхши томонга ўзгартириш мумкинлиги ҳақида гапирди.

- Сайловолди дастурингизнинг асосий тамойиллари нималардан иборат?

- Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясини бош шиори - "Миллий тикланишдан – миллий юксалишга" замирида инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш ғояси ётади. Биз инсонни ўзгартиришнинг асосий объекти сифатида оила, мактабгача тарбия муассасалари ҳамда мактабни кўряпмиз. Чунки оиладаги муҳитнинг бугунги кундаги жамиятни шаклланишида жуда ҳам таъсири кучли. Шу боис, аёлнинг бугунги оиладаги муҳит, жамиятдаги ижтимоий фаоллашуви жараёнларига ўзгартишлар киритиш керак, деб ҳисоблаймиз. Бугунги кунда оиладаги фарзандлар тарбияси жараёнларидаги муаммоли ҳолат, аёллар орасидаги жиноятчиликнинг ошиши билан боғлиқ масалалар - оиладаги муҳитнинг кескинлашувига ва оиладаги муҳитни биз ўйлаган қадриятлар чегараларидан ташқарига чиқиб кетаётганлиги сабабли, деб ҳисоблаймиз, демак аёлни бугунги кундаги турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш керак. Мактабгача тарбия муассасаларидаги қадриятларимиз ва умуминсоний қадриятларга таянган тарбия тизимларини қайта ишлаш керак ва бугунги кун талабларидан келиб чиқиб ислоҳ қилиш керак.

Депутатликка номзодлар - Sputnik Ўзбекистон
Сайловда иштирок этаётган номзодлар ҳақида нималарни биласиз?

Мактабгача тарбия муассасаларига қамровни босқичма-босқич тўлиқ эришиш билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларини давлат таъминотига ўтказиш ва албатта хусусий давлат шерикчилигига эътибор бериш, хусусий боғчаларнинг бўлишига ҳам бизнинг эътирозимиз йўқ, лекин унинг ичидаги мазмун-моҳиятини давлат мунтазам назорат қилиши керак ва боғчаларнинг давлат таъминотида бўлишини муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари, мактабдаги таълим концепциясини тубдан ислоҳ қилиш керак. Мактабда тарбия устуворлигига эга бўлган таълим тизимини таъминлаш керак. Мактабдаги бугунги шароит ўқитувчини эркин ишлаши учун етарли эмас: мактабда бугун ўқитувчи ўзини дарсидан бошқа жуда кўп масалалар ҳақида бош қотиришга мажбур. У мактабнинг моддий-техник таъминоти бўйича ҳам масъул шахсга айланиб қолган, синф раҳбарликлари орқали ўттиз-ўттиз беш нафар боланинг "иссиқ-совуғига" жавоб беради. Ундан ташқари яна айрим ижтимоий вазифалар бўйича ўқитувчига масъуллик юклатиляпти. Буларнинг барчаси ўқитувчига келажакни яратишга, ҳақиқий маънода таълим бериш вазифасини бажаришига ҳалақит бераяпти. Бундан ташқари мактабда бугун болаларимизга тарбия бериш методикаси мавжуд эмас. Мактабларда тарбия дарсликларини жорий қилиш ҳамда қадриятларимиз ва умуминсоний эътироф этилган қадриятларга таянган 1-11 синф жараёнида давом этадиган болаларнинг ёш компетенциясига доир бўлган тарбия жараёнларини шакллантирадиган тарбия дарсликларини жорий қилиш муҳим. Энг асосийси эса, оиладан бошланган тарбия жараёнларини мактаб остоналарида давом эттириб, мактабни битириб кетаётган фарзандларимиз бугунги кун талабларига тўла жавоб бера оладиган замонавий, эркин фикрлай оладиган, миллий қадриятларни ва умуминсоний эътироф этиладиган қадриятларни ҳурмат қиладиган озод, эркин, ўзини ҳамда жамиятни ҳурмат қиладиган инсонни тарбиялаш мақсадидир. Мана шуларнинг барчаси инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш ғоямизни туб моҳиятини ташкил қилади.

- Сизнинг партиянгиз сайловларда "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари", ғоясини илгари суради. Республикада миллий ўзликни йўқотиш сингари муаммо шунчалик долзарбми? Бу нимада ўз аксини топади? Сизлар бу муаммони қай тарзда ечмоқчисизлар?

- Бугун фақат бизда эмас, бутун дунёда кўриняптики, инсон ўзини қадриятини йўқотганлигини англашни бошлади. Жамиятлар иқтисодий ривожланишга эришди, иқтисодий фаровонликка эришди, лекин инсон ҳузур-ҳаловатини топишга эриша олмади. Бу нафақат учинчи дунё давлатлари, ривожланаётган мамлакатлар, балки ривожланган мамлакатларда ҳам кўринаётган масала. Айнан шу нуқтаи-назардан биз Ўзбекистонда ҳам айнан шунга ўхшаш масалалар бор, деб ҳисоблаймиз.

Женщина голосует на избирательном участке - Sputnik Ўзбекистон
Сайлов бюллетени қандай кўринишга эга бўлади – Адлия вазирлиги

Бугун биз қадриятларимизни ўша кенг қулоч ёзаётган ва таъсир доираси борган сари кенгайиб бораётган оммавий маданиятни салбий таъсирларидан ҳимоя қилишимиз керак, деб ҳисоблаймиз. Биз миллат сифатида бундан бир неча ўн йиллар олдин, ҳатто мана шу юз йил атрофидаги даврда эшикларига қулф осмаган бир миллатмиз. Биз шундай бир миллатмиз-ки, ўғридан қўрқмаганмиз. Нимага? Чунки одамларимиз бировни ҳаққидан қўрққан. Аммо бугунги кунда жамиятимизга коррупция деган иллат бемалол кириб кела оляпти. Бизни қадриятларимизда аёлни ҳурмат қилиш, оилани ҳурмат қилиш, фарзанд тарбиясига жиддий эътибор каби масалалар  - бу табиий жараён бўлган. Лекин бугун жамиятда ўтказган сўровларимиз шуни кўрсатяптики - 67% ота-оналар тарбиянинг туб моҳияти нимадан иборат эканлигини англай олмаяпти. Бу биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак. Агар биз Ўзбекистонни яқин 100 йил ичида ўз қадриятлари ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолатда ривожланиш йўлини топишини истайдиган бўлсак, биз таълим соҳасига тарбияни киритиш ва таълим-тарбияни узлуксизлигини таъминлаган ҳолда қадриятларимизга таянган тарбия тизимини жорий қилишимиз - масалани ечими, деб ҳисоблаймиз ва бунга талаб бор.

Бугунги кунда бунга эҳтиёж мавжуд эканлигини рад этиб бўлмайди.

- Ўзбекистонда ажримлар сонини қисқартириш учун партиянгиз аёл иш вақтини қисқартириш ва унинг маошини ошириш таклифини илгари сурмоқда...

- Тўғри, сабаби бугун биз оилада иккита асосий муаммони кўраяпмиз. Биринчиси: ёшларни орасида жиноятчилик кўпайиб кетди. Бу миллатимизга хос эмас. Иккинчиси: аёллар орасидаги жиноятчилик: тури ва сони ортиб боряпти. Бу иккита масала биз учун оиладаги муҳитни кескинлашуви билан боғлиқ ва бу кескинлашувни асосий сабабчиси сифатида аёлни ижтимоий фаоллигини кескин ортганлиги, деб ҳисоблаяпмиз.

Аёл бугун оиладан эрталаб эри билан бирга чиқиб кетади ва кечқурун у билан бирга кириб келади. Аёл ҳам чарчайди, эркак ҳам чарчайди. Эркак киши уйга дам олиш учун келади, аёл киши яна уйга хўжалик ишлари билан шуғулланиш учун келади. Бундан ташқари аёлни зиммасида тарбияни шакллантирувчи устувор кучли масъулият бор. Отани оилада якка ҳолатдаги тарбиячи сифатида тасаввур қилиш қийин. Лекин онасиз оилани тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан шунинг учун биз бугунги кунда, бу тезлашган замон, бу рақобат муҳити кескинлашаётган бир шароитда аёлга қулай меҳнат шароитини яратиб бериш оиладаги муҳитни ўзгартиради, деб ҳисоблаймиз. Агар биз бугун 18 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга мослашувчан иш тизимини таклиф қиладиган бўлсак, аёлни зиммасидаги кескинлик бироз енгиллашади. У эркак кишидан 2 соат олдинроқ уйга келиш имкониятига эга бўлса, мактабдан қайтган болларини назорат қилиш имкониятига эга бўлса, улар билан биргаликда дарс қилиш имкониятига эга бўлса, ва қўйинг-ки, ўша эркак киши ишдан келгандан кейин уйда асаблари тинчиган, ва бироз дам олишга улгурган аёлни кўрадиган бўлса, оиладаги муҳит барибир ўзгаради. Айнан шу сабабли биз бугун жамиятдаги оилавий ажримлар, ёшлар орасидаги жиноятчилик, аёллар орасидаги жиноятчиликни барчасини сабабини аёлга турмуш ва меҳнат шароитларини қулай яратилмаганлигида кўрмоқдамиз. Агар биз шу оқимни, шу муҳитни ўзгартирадиган бўлсак, биз айтаяпмизки, мана шу бизни олдимиздаги муаммоларни ечимига сезиларли таъсир қилган бўламиз.

- Ўзбекистон аёлларининг аксарияти мактабгача таълим муассасалари, мактабларда фаолият юритадилар. Уларнинг иш соати қисқаришини қандай тасаввур қилаяпсиз? Сизлар илгари сураётган таклиф бугунги кунда жуда кўп тилга олинадиган "гендер тенглик" тушунчасига зид эмасми?

-  Аёлга қўшимча вақт бериш – аёлнинг ҳуқуқини бузиш эмас. Аёлнинг тенглигига раҳна эмас. Биз аёлни оиладаги рад этиб бўлмас ўрни ҳақида гаплашаяпмиз. Аёлни оиладаги ҳал қилувчи аҳамиятини ҳеч ким рад этолмайди. Аёлни эркак киши билан қанча тенг қилишингиздан қатъи назар, у оиладаги устунлик: яъни фарзандни тарбияси, қолаверса ўша оилани эркагиниям шароитини ташкил қилиш, рўзғор ташвишлари каби масалаларни аёлни зиммасидан ҳеч ким олиб қўёлмайди. Аёл оилани ташкил қилувчи ва оилани ҳузур-ҳаловатини таъминловчи энг муҳим масъул ҳисобланади. Ҳамон шундай экан, биз айнан шу вазифаларни самарали амалга ошириш учун унга қўшимча имконият яратиб бериш ҳақидаги таклифимиз аёлни ҳуқуқини бузиш эмас, қайтага аёлни бизни қадриятимиздаги ўрнини тиклаш, деб ҳисоблаймиз. Қолаверса, гендер тенглик деганда, масалан Ғарб давлатлари аёл билан эркакни тенглаштиришни ўйлаши мумкин, лекин биз шундай тушунчадамизки, бизни қадриятларимизда аёл билан эркакни тенглаштириш шарт эмас, чунки бизда аёлни қадри эркакникидан баландроқ. Эркаклар аёлларни ҳеч қачон ортиқча юк билан юклагиси келмайди. Ҳатто, мана муқаддас Ислом динида ҳам шу гап айтилганки, онасини рози қилмаган одам Жаннатга кира олмайди. Ёки мана, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) томонидан айтилган бир Ҳадиси Шариф борки, уч марта онангни рози қилгандан кейин отангни рози қил, деган. Шу ўринларда бизни қадриятларимизда аёлни жамиятни, ва умуман инсониятни келажагини шакллантирувчи ўрни бор. 

Женщина голосует на избирательном участке - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда сайловларда овоз бериш вақти қисқартирилди

Бу ролларни биз рад этолмаймиз. Буни қандайдир аёлларни ҳуқуқларини тенглаштириш ўлчовлари билан ўлчаш нотўғри. Бу ерда аёлни муқаддас ўрни ҳақида гап кетаяпти. Айнан шу нуқтаи-назардан қараладиган бўлса, гендер тенглиги ҳақидаги гаплар ўринли эмас. Боғча, мактаблардаги шароит масаласига бўйича эса, боғчада, аёл учун шароит яратиб берганингиздан кейин, она вақтлироқ ишдан чиққандан кейин боласини ҳам ўз-ўзидан вақтлироқ олади. Бу биринчидан. Иккинчидан, биз мослашувчан тизим ҳақида гапираяпмиз. Ҳар бир оилани ўша боғчадан боласини олиши, боғчага бериши – вақт нуқтаи назаридан келишиш шароитларига эга бўлади. Қолверса, мана Япония тажрибасида кўрамиз, ҳатто чақалоқларни боғчага бериш имкониятига эга бўлган тизимлар яратилган. Бу соҳада биз тарбиячи мутахассисларни шакллантириш ҳақидаги таклифимиз бор. Асосий мақсадимиз битта – аёлни бугунги кундаги елкасидаги юкни енгиллаштира олмасак, оиладаги муҳитни ўзгартира олмаймиз, тарбия бўйича айтаётган таклифларимизни рўёбга чиқаришни таъминлай олмаймиз. Бунинг ҳаммаси аёл билан боғлиқ бўлганлиги учун унинг тизимлари ҳақида бизларнинг аниқ таклифларимиз бор.

- Ҳозирда партияларга эркинлик, бепул эфир вақти берилди. Сизлар янги имкониятларни сездингизми?

- Ўтган сафарги сайловларда ҳам қатнашган иштирокчи сифатида очиқ айтишим мумкин, Ўзбекистон тубдан янгиланяпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган янгиланиш сиёсати парламент фаолиятида, умуман сиёсий партиялар фаолиятида туб бурилиш учун шароит яратиб берди - сиёсий бурилиш юзага келди. Ўзбекистондаги бугунги сиёсий рақобат тубдан ўзгарган. Бугун партиялар ҳақиқий маънода ўзининг ғояси билан Парламентдаги етакчи партия бўлиш учун курашаяпти. "Миллий тикланиш" партияси мана шу ислоҳотлардан самарали фойдаланди ва партия тубдан ислоҳ бўлди. Партияни бошқарувидан тортиб, электорати билан ишлаш, ғояларни шакллантириш, дастурини рўёбга чиқаришни таҳлилий-ташкилий тизимлари бўйича тубдан янгича ёндашув амалга оширилди. Партия бугун очиқ рақобатда рақобатчи ҳисобланган партиялар билан курашмоқда. Бизни мақсадимиз парламентда етакчи партия бўлиш ва бош вазир номзодини киритиб, ҳукуматни "Миллий тикланиш" партияси ғояларини рўёбга чиқариш йўналишида самарали фаолият юритишга эришиш.

Бу учун бугунги кунда Ўзбекистонда тўла муҳит яратилган.

- Электорат-чи, ўзгарганми? У билан энди қандай ишлаш лозим?

- "Миллий тикланиш" ғоясига ким қарши? Ҳамма партия ўзини қанақадир шаклида миллий тикланиш ғоясини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистонда Ўзбекистон юксалишини хоҳламаган одам бўлиши мумкин эмас. Айнан шу сабабли ўтган чақириқларда «Миллий тикланиш» партиясини электорати фақат зиёлилар деган фикрлар илгари сурилган, лекин бу ҳозир анча кенгайди. Қайси маънодаки, қайсидир партиялар ўзини электорати сифатида тўлиқ ўқитувчиларни кўрсатган, биз эса бугун таълим соҳасидаги ислоҳотлар билан ўқитувчиларни ўзимизни сафларимизга тўлиқ кўп жалб қилишга эришдик. Бундан ташқари, тадбиркорларни жуда кўпчилиги мана, номзодларимизни ичида ҳам тадбиркорлар бор, партиямизни энг фаол иштирокчилари ҳақида гап кетаяпти, тадбиркорлар жуда катта қизиқиш билдираяпти. Чунки биз бугунги кунгача таклиф қилинмаган муқобил кредитлаш тизимини таклиф қилаяпмиз. Бугунги партияни илгари сураётган ғоялари жамиятни турли қатламларида қизиқиш уйғотаётганлигини яққол кўраяпмиз. Шу сабабли мана охирги уч ой ичида партиямиз аъзолари 50 мингга яқин кўпайди. Лекин биз буни жуда кам деб ҳисоблаймиз. Бугунги кунда 301 минг партия аъзоси бу "Миллий тикланиш" партияси илгари сураётган ғоялари ва вазифа мақсадларига мутаносиб эмас.

Биз олдимиздаги 5 йиллик чақириқда "Миллий тикланиш" партиясини аъзоларини бир миллиондан оширишга мақсад қилганмиз. Ана ўшанда биз ғоямиз билан, электоратимиз билан Ўзбекистонда янгиланиш йўлида фаол фаолият юрита оладиган бир партия сифатида шаклланишимиз мумкин.

- Сизнинг фикрингизча, Россияда меҳнат муҳожирлари ҳаётини яхшилаш учун Ўзбекистон нима қилиши керак? Қандай аниқ чораларни жорий этиш лозим, сизнинг наздингизда?

- Хорижда ишлаётган ватандошларимиз бизнинг асосий мавзуларимиздан бири. Партияни дастурида ўша хорижда ишлаётган ватандошларимиз, нафақат ҳозир ишлаётган балки, бизни партиямиз шундай деб ҳисоблайдики, Ўзбекистон яқин 20-30 йилни ичида иқтисодий ривожланиши билан етиштираётган меҳнат ресурсларимизни мутаносиблигига эришамиз, деб ҳисобламаймиз. Шу сабабли, бизда яқин йиллар ичида барибир меҳнат ресурсларини экспорт қилиш эҳтиёжи биз учун долзарб бўлиб қолаверади. Ҳамон шундай экан, биз иккита масалани ҳал қилишимиз зарур. Бугун хорижга меҳнат миграцияси учун йўналтирадиган қатламни хорижда меҳнат қилиши учун шароит яратишни Ўзбекистонни ўзида тайёрлаш. Шундай бир тизим қилиш керакки, биз ўша хорижий давлатларда бориб ишлаш учун тил билиши, ҳатто олий маълумотли бўлмаган тақдирда ҳам, ўзини ҳақ-ҳуқуқларини билиши, соғлом бўлиши учун шароит яратиш, ва ўша энг муҳим бўлган – ўзини ҳурмат қила олиш даражасида ҳақ-ҳуқуқларини англайдиган бир ресурсни тайёрлаш масаласини биз ички масалалар сифатида кўраяпмиз. Ундан ташқари, бугун вазирлик-идоралар ушбу масалага масъул бўлган вазирлик идоралар, ўзини олдида асосий масала сифатида биз бу қаторга Парламентни ҳам қўшамиз, асосий масала сифатида бизга яқин давлатлар ва керак бўлса узоқ давлатлардан Ўзбекистонни меҳнат ресурсларини экспорт қилиши учун шароит яратишни ўзини асосий вазифаларидан бири деб ҳисоблаши керак. Биз бугун парламентни ўзимизга қўшни бўлган давлатлар билан, умуман Ўзбекистонни ўзини меҳнат ресурсларини экпорт қилиш имконига эга бўлган давлатлар билан парламент даражасида, парламентлараро ҳамкорликни асосий мавзуларидан бири сифатида бизни ўша жойга бориб ишлаши мумкин бўлган ўша давлатларда ишлаши мумкин бўлган мигрантларимиз, меҳнат ресурсларимизни шароитини муҳокама қилиш мавзу си қилишимиз керак. Парламент бу масалада фаолроқ бўлиши керак.

Парламентские выборы в Узбекистане пройдут 22 декабря. - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда сайловолди ташвиқотларига старт берилди

Шу пайтгача Парламентни кун тартибидаги масала бўлмаган бу, лекин биз "Миллий тикланиш" партияси сифатида Парламентни кун тартибидан тушмайдиган бир масалага айлантиришни тарафдоримиз.

- Бу соҳада энг оғриқли масала қайси?

- Мигрантлар орасида энг оғриқли масала, мисол учун РФга ишлаш учун кетаётган жуда кўпчилик ресурсларни ҳеч ким билан келишмасдан, ўзини тахминларига асосланиб кетиб қолаётганлиги – бу ердаги шу масалага масъул бўлган идораларни қониқарсиз фаолият олиб бораётганлиги билан боғлаймиз. Масалан, қандай қилиб ҳали аниқ иш ўрни бўлмаган, ҳатто рус тилини билмайдиган бир бизни ватандошимизни РФга бориб ўзини хор қилишига чидаш мумкин? Кафолатланмаган меҳнати, ёки меҳнат ҳақини олиши ҳам кафолатланмаган, унинг ҳақ-ҳуқуқларига жудаям ҳурматсизлик кўрсатилаётган бир шароитда уларни яна шу жойга кетишини биз ёқламаймиз. Лекин шу билан бирга уларни меҳнат қилиш ва ҳақини олиш ҳақини ҳам рад этмоқчи эмасмиз. Биз бу ерда уларни айбдор қилаётганимиз йўқ. Биз бу ерда мана шу соҳага масъул бўлган идораларни ишини қониқарсиз, деб баҳолаяпмиз. Шу сабабли биз айнан шу оғриқли нуқталар: биринчидан меҳнат ресурсларимизни РФ бўладими, бошқа мамлакат бўладими, кетишидан олдин бу ерда уларга шароит яратиш, уларни тайёргарлик кўрсатиш, иккинчидан: ўша, Парламентлараро муносабатлар, вазирликлараро муносабатларда меҳнат ресурсларимизни кафолатланган иш ўринлари билан таъминлаш , улар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш масалаларини мунтазам музокара қилиб боришни энг муҳим масалалар, деб ҳисоблаймиз.

- 2020-2024 йилларда партия тўй, оилавий маросимларни ўтказиш тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилмоқчи. Қандай янгиликларни илгари сурмоқчисизлар?

- Ушбу масалани биз қонун даражасида муҳокама қилишимизни ўзи нотўғри. Аслида тўй маросимлар, маракалар - буларни ҳаммасини халқимиз ҳеч қанақа қонунсиз ҳам қадрият даражасида белгилаб қўйган: инсофли бўлиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик каби масалалар тартибга солинган. Лекин давр бойларни инсофли бўлиши ҳамда кам даромадлиларни қаноатли бўлиши каби бир мезонимиз бузилиб кетганлигини кўрсатаяпти. Айнан шу бузилганлик – кўп даромад кўрган одамни исрофгарчиликка йўл қўйиши бир чеккада турсин, манманликка берилиши, ўша жамиятда ўзини алоҳида қилиб кўрсатиши каби масала - иқтисодиётимизга ҳам, жамиятимизга ҳам салбий таъсир кўрсатаётганлигини ҳеч ким рад этолмайди. Шу билан бирга, кимўзарга ўйнаш, ўша даромади кам бўлган қатламни айнан кўп даромадлилардан қолишмаслик учун дунёда сарсон бўлиб юрганлиги ёки ўша қийналиб топган пулларини келиб яна кимлар биландир тенглашиш учун исроф қилаётганлиги биз учун жуда ҳам оғриқли ҳолат. Биз қадриятимиз буни тартибга солар экан, деб қараб тура олмаслигимизни англадик. Шу сабабли, маълум бир даврга бўлса ҳам биз бу масалани кескин тартибга олиш тарафдоримиз. Яъни харажатларни маълум бир миқдорда чеклаш талабини қўйиш, ёки бўлмаса қонун шундай бир талаб қўйиши керак-ки, агар сарф-ҳаражатларга мутаносиб равишда мажбурий тўловларни – солиқ тўловларини йўлга қўйишимиз, масалан, тўй-хашам учун солиқларни жорий қилишдан мақсад – солиқ тушумларини кўпайтириш эмас, балки ўша ҳаражатларни беўлчов кетишини қисқартиришга эришиш.шундай таклифларни илгари сурмоқчимиз. Лекин бу масалада биз ҳали ҳам одамларга тушунтириш керак, одамлар орасида тарғибот ишларини кучайтириш керак, пул топган одам бой эмас, мавжуд пулини тўғри тасарруф қилган олган одам бой. Бу бизни қадриятларимизда бор. Бу нарсани биз юқорида айтилгандек, тарбия тизимида мактабда ўргатиш, керак бўлса, ўша ота-оналар университетларини ташкил этиш орқали ўргатиш каби тарғибот ва ташвиқот ишларимизни тарбия жараёнларимизда халқимизга сингдириб боришимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

- Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши ва ЖСТга кириши масаласида партиянинг позицияси қандай? Республика бундай ташкилотларга қўшилиши керакми ёки икки томонлама алоқаларни давом эттиришга урғу бериши керакми?

- Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мамлакатимиз учун ҳаётий зарурат. Ўзбекистонда бугунги иқтисодий ислоҳотлар жаҳон билан бозорда очилиш, жаҳон билан очиқ савдо қилиш , ўша глобал мезонлар асосида ривожланиш йўлига кириш нуқтаи назаридан жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Ва жаҳон савдо ташкилотига киришни партиямиз тўлиқ қўллаб-қувватлайди. ЕОИИ масаласига келадиган бўлсак, бугунги кунда экспертларни ушбу масалани таҳлил қилаётганлигидан келиб чиққан ҳолатда, биз маълум бир даражада фикрларимизни чеклаб турамиз. Қайсики маънода, бугун ЕОИИ билан Ўзбекистонни ҳамкорлик қилишини 3та варианти ўрганиб чиқилаяпти. Бу биринчиси – тўлиқ аъзолик масаласи, иккинчиси савдо-шерикчилик масаласи ва учинчиси – кузатувчилик мавоми. Бизга қолса, экспертларни хулосаси ҳам шундай чиқишини хоҳлардик, лекин кутамиз, албатта, у натижаларни, бизга қолса Ўзбекистонни бугунги иқтисодий имкониятлари Ўзбекистонни бугунги ривожланганлик даражаси маълум бир муддатга ЕОИИда саноати ривожланган РФ ҳамда Беларусь билан саноат даражасида рақобат қилиш учун ҳали бизга тайёр муҳит бўлмаганлигини ҳисобга олган ҳолатда тўлақонли аъзолик эмас, балки савдо-шерикчилик муносабатларида сақлаб туришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистон ўзини қисқа муддатли индустриал саноат ривожланиш йўналишини босиб ўтаяпти, бугун биз мавжуд имкониятларимизни асраб-авайлашимиз шарт. Айнан шу нуқтаи-назардан Ўзбекистонни бугунги кунда яқин қўшни давлатлари билан иқтисодий муносабат қилиши – бу ҳаётий зарурат. Бундан ҳеч ким воз кечмайди. Биз минтақадаги давлатлар ва РФ билан ҳамда бошқа давлатлар билан иқтисодий муносабатлар қилишга мажбурмиз. Айнан шу нуқтаи назардан қайсидир жойларда икки томонлама муносабат, қайсидир жойларда ЕОИИ масаласида савдо-шерикчилиги каби ғояларни партиямиз устуворроқ деб ҳисоблаяпти ҳозир. Экспертларни хулосасини яна бир кўргандан кейин ушбу масалага барибир яна бир қайтамиз.

- "Лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси" лойиҳасининг янги таҳририни илгари сурмоқдасизлар. Эскисини нимаси ёмон?

- Буни ҳозир яхши-ёмонлиги ҳақида муҳокама қилиш эмас. Муаммо шундаки, бир ҳолатни юзага келтирдик: Ўзбекистонда учта авлод пайдо бўлди – лотин графикасида ўқиган ва улар бугун кирилл алифбосида ўқимаяпти, ҳозир катта қисм кириллда ўқияпти, лотинда ўқиёлмайди, лекин ёшларимиз лотинда ўқияпти, кириллда ўқиёлмайди. Бугун столимизда айнан шу муаммо турибди. Биз бугун китобларни лотинга ўгиришимиз, улар талаб қилаётган адабиёларни, яъни шароитини яратиб беришимиз мумкин, лекин лотинда ўқиган ва лотинда саводи чиққан авлодимизни яна бошқатдан кириллда ўқитишимиз икки баробар қимматга тушади. Кирилл алифбосида қоладиган бўлсак, мана шу 3та авлод бутунлай ўзгариши керак ва биз уларни шу пайтгача барча ишонч орзу-умидларини алдаб келган бўламиз. Мана шундан ҳавотирдамиз. Жамиятда яна бир силкинишга йўл очмаслик учун ўша бошланган жараённи охирига етказиш тарафдоримиз.

Люди голосуют на референдуме  - Sputnik Ўзбекистон
Энг камҳаражатли парламент сайловлари Ўзбекистонда

- Агар ҳозирги қонун ишламаётган экан, жамият лотин алифбосига ўтишдан бош тортаётганини англатмайдими?

- Асло. Бугун жуда кўп жойларда учрашувларда ёшлар томонидан аниқ, лўнда эътироз оҳангидаги савол бўляпти – нима учун лотинни бошладингиз ва охирига етказмаяпсиз, деган. Зиёлилар қатламида ҳам жуда очиқ, аниқ сигналлар келяпти нима учун ушбу масала охирига етмаяпти, деган. Биз бу ерда бу масала тўхтаб турганлигини фақатгина ҳокимият томонидан, яъни ижро ҳокимияти томонидан эътиборсизлик билан ташлаб қўйилгани сабабли. Агар ушбу масалага етарли даражада эътибор берилса ва сиёсий ирода кўрсатиладиган бўлса, ушбу масалани қисқа муддатни ичида амалга ошириш мумкин. Бу жамоатчиликни талаби асосида тўхтаб турган масала эмас.

- Сайлов тугагач сизнинг партиянгиз биринчи навбатда қайси қонунлар лойиҳаларини илгари суриш билан шуғулланади?

- Учта - "Таълим тўғрисидаги", "Мактабгача таълим тўғрисидаги" ва "Давлат тили тўғрисидаги" қонунларни. Таълим тўғрисидаги қонунда биз тарбия устуворлигини кўзда тутувчи нормативлар устида бош қотирмоқдамиз. Мактабгача таълим тўғрисидаги қонунда ҳам ушбу муассасани тарбия муассасаси сифатида, тарбияни устуворлигини таъминлайдиган бир муассаса сифатида қонунга тегишли ўзгартишлар киритишни таклиф қиламиз. Давлат тили тўғрисидаги қонунга ҳам бугун биз эътибор беришимиз ва ушбу қонунни амалда ишлайдиган қонунга айлантиришимиз жудаям зарур.

Янгиликлар лентаси
0